Ўзбекистон | 17:53
2032
4 дақиқада ўқилади

Кутилмаган туҳфа, олий мукофот, ўзбекча гапирган Макрон — Ўзбекистон–Франция муносабатларида янги саҳифа

Ўзбекистон ва Франция алоқалари янги босқичга кўтарилди – стратегик шериклик даври бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунёдаги кучли иқтисодиётлардан бирига эга Францияга давлат ташрифи қатор муҳим воқеаларга бой бўлди.

Фахрий легион ордени

Ўзбекистон раҳбарига Франциянинг энг олий давлат мукофоти – Фахрий легион ордени топширилди.

Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.

Император Акиҳито, Франклин Рузвелт, Уинстон Черчилл, Нелсон Мандела, Ангела Меркел, Синдзо Абэ, Жастин Трюдо каби номдор сиёсатчилар ҳам ушбу мукофот билан тақдирланишган.

Стратегик шериклик

Париж шаҳрида ўтган музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикликка қадам қўйди. Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон томонидан қабул қилинган қўшма декларация ўзаро келгуси ҳамкорликнинг пойдеворига айланади.

Томонлар 6,5 миллиард евролик лойиҳалар бўйича келишиб олди. Бу – Ўзбекистонда янги иш ўринлари, саноат тараққиёти, технология ва инновациялар ривожига қўшимча туртки беради.

Ташкил этилажак Ўзбекистон-Франция университети – ўзбекистонлик ёшларга жаҳон таълим стандартлари асосида билим олиш ва халқаро мутахассис бўлиш имкониятини беради. Университетга Франциядан тажрибали мутахассислар жалб қилинади.

Парижда Савицкий музейи тўпламидаги авангард асарлар кўргазмаси ташкил этилади, Ўзбекистонда Франция мероси институтининг ваколатхонасини очилади.

Дипломатик паспорт эгалари учун визасиз тартиб, реадмиссия битими, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик – икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.

Йирик иқтисодий битимлар

Франциянинг Voltalia компанияси Ўзбекистонда қуёш, шамол станциялари ва энергия сақлаш тизимларидан иборат гибрид кластер учун электр энергияси сотиш бўйича 25 йиллик шартнома имзоланди.

«Навоийуран» давлат корхонаси билан Франциянинг Orano компанияси ўртасида Жанубий Жонкелди конини ўзлаштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим тузилди. Лойиҳанинг сармоя қиймати биринчи босқичда 214 млн долларни ташкил этади.

Франция билан ҳамкорликда Тошкентга трамвай тизими қайтарилиши мумкин. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар сонини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Дўстона руҳдаги мулоқотлар

Елисей саройида Ўзбекистон президенти шарафига қабул маросими уюштирилди. Маросимга нуфузли, Франция фахри бўлган инсонлар ташриф буюришди. Уларнинг орасида дунёнинг энг бой 5-одами, миллиардер Бернар Арнони ҳам учратиш мумкин эди.

Қабул маросимида Эммануэл Макрон ўз чиқишини ўзбек тилида: «Яшасин Ўзбекистон! Яшасин Франция! Яшасин Франция-Ўзбекистон дўстлиги!» дея якунлади.

Франция раҳбари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам ўзбек тилида «Францияга хуш келибсиз» дея Шавкат Мирзиёевни олқишлаб хабар қолдирди ва постини «Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция!» дея хотималади.

Кутилмаган туҳфа

Елисей саройидаги учрашув чоғида президент Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Ҳюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган «Кулаётган одам» романининг илк нусхасини совға қилди.

Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Макрон эса Шавкат Мирзиёевга XIX асрда француз сураткаши томонидан Жиззахда олинган фотосуратни совға қилди.

Француз сураткаши Пол Надар томонидан 1890 йилда суратга олинган ушбу сурат «Амир Темур дарвозаси. Сангзор дарёси бўсағасида» деб номланади.

«Бу менинг Ватаним... Бу жуда қимматли совға» — деди мамнуният билан Ўзбекистон раҳбари.

Бугунги глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврда икки мамлакатнинг самимий, дўстона муносабатларини фақат олқишлаш мумкин.

Мавзуга оид