Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолайди
Ушбу ҳужжат жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида уч мамлакат етакчилари томонидан имзоланади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги шартномани имзолайди. Бу ҳақда Имомали Раҳмон Бишкекка ташрифи давомида маълум қилди.
«Тожик—қирғиз чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан биз Садир Жапаров билан тез орада Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолашга келишиб олдик», — дейди Тожикистон етакчиси.
Ушбу ҳужжат жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида уч мамлакат етакчилари томонидан имзоланади.
Давлат ташрифи билан Бишкекка борган Имомали Раҳмон Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегара тўғрисидаги шартномани имзолади. Ушбу ҳужжат давлатлараро ҳар томонлама муносабатларни ривожлантиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганидан кейин Қирғизистон ва Тожикистон президентлари онлайн режимда икки мамлакат чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктларини очиб берди. 14 мартдан мамлакатлар авиақатновларни ҳам тиклайди.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 2021 йилнинг май ойидан бери ёпиқ. Бу Қирғизистон томони қарори билан апрел ойида икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида юз берган ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлган қуролли тўқнашувдан кейин содир бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йили Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида худди шундай шартнома имзоланган эди.
Мавзуга оид

19:54
Ўзбекистон ва Франция стратегик шерик бўлди. Мақсадлар ва манфаатлар нима?

16:40
Тожикистон ва Қирғизистон чегара бўйича шартнома имзолади, авиақатновларни тиклашга келишди

10:57
“Ўзбекистоннинг сейсмик ҳудудларида зилзилага шароит етилган” – мутахассис

18:01 / 12.03.2025