Покистонда поездни гаровга олган жангариларга қарши операция якунланди
Армия маълумотларига кўра, 400 нафардан ортиқ йўловчини гаровда ушлаб турган 33 ҳужумчининг барчаси йўқ қилинди. Тинч аҳоли ва ҳарбийлар орасида ҳам қурбонлар бор.

Фото: Reuters
Покистон ҳарбийлари мамлакат жануби-ғарбида йўловчи поездини гаровга олган жангариларга қарши операцияни якунлади. Армия маълумотларига кўра, 33 ҳужумчининг барчаси йўқ қилинди, бироқ операция пайтида 21 нафар фуқаро ва 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.
11 март куни Балужистон озодлик армияси (BLA) вакиллари темирйўл рельсларини портлатиб, Кветтадан Пешоварга кетаётган «Jaffar Express» поездини ўққа тутди. Поездда 440 нафар йўловчи бор эди. Кейин жангарилар поездга бостириб кириб, ҳужжатларни текшириб, хавфсизлик кучлари вакилларига зўравонлик қилди. Ҳужум қилганларнинг баъзилари худкуш камар тақиб олгани, бу қутқарув операциясини мураккаблаштиргани айтилмоқда.
Покистон ҳарбийлари авиация ва махсус кучлар иштирокида операция ўтказди. Армия матбуот котиби Аҳмад Шариф Чаудрининг айтишича, асосий мақсад худкушлик камарини тақиб олган террорчиларни йўқ қилиш эди. Ҳарбийлар вагонлардаги жангариларни бирма-бир йўқ қилишга киришди.
Ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган BLA маълумотига кўра, қарама-қаршилик давом этмоқда ва кўплаб одамлар гаровда ушлаб турилибди. Гуруҳ 50 кишини ўлдирганини ва ўз ташаббуси билан баъзиларини қўйиб юборганини таъкидламоқда. Аввалроқ, жангарилар агар расмийлар 48 соат ичида балуж сиёсий маҳбусларини озод қилмаса, асирларни «қатл этиш» билан таҳдид қилган эди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 13 март куни Балужистонга ташриф буюриб, гаровдан озод этилганлар билан учрашди. У ҳужумни «қўрқоқлик» деб қоралаб, минтақада хавфсизликни кучайтиришга ваъда берди. Расмийларнинг билдиришича, ҳалок бўлганлардан 25 нафарининг жасади Кветтага олиб кетилган, у ерда оилалар мотам маросимларини ўтказади.
Поезд машинисти Амжад сўзларига кўра, ҳужум бошланганда у бошқарув кабинасининг поли остига яширинган ва у ерда 27 соат қолиб кетган. Жангарилар уни ўлдига чиқарган.
Табиий ресурсларга бой Балужистон узоқ вақтдан бери айирмачилар ва Покистон ҳукумати ўртасидаги қуролли тўқнашувларга саҳна бўлиб келяпти. BLA каби гуруҳлар кўпроқ мухторият ва минтақанинг иқтисодий лойиҳаларидан, жумладан Хитой сармояси киритилган Гвадар порти, мис ва олтин конларидан улуш талаб қилмоқда.
BLA 1970 йиллардан бери мавжуд, аммо 2013 йилда Покистон Гвадар денгиз портини Хитойга ижарага берганидан кейин унинг фаоллиги кескин ошди. Айирмачилар ҳукуматни Балужистон табиий бойликларини маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳисобга олмасдан ишлатишда айбламоқда. Жангарилар хитойлик ишчиларни Гвадарга олиб кетаётган карвонларга мунтазам ҳужум қилиб туради, оқибатда қурбонлар бўлади.
Покистонда дунё балужларининг тахминан 70 фоизи - 6,2 миллион киши истиқомат қилади. Улар Покистондан ташқари Эрон, Афғонистон, Туркманистон ва минтақанинг бошқа қатор давлатларида ҳам яшайди.
Мавзуга оид

10:23 / 12.03.2025
Покистонда жангарилар йўловчи поездини ўққа тутди ва одамларни гаровга олди

12:29 / 03.03.2025
Покистон тўқимачилик корхонаси Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга оширади

16:30 / 26.02.2025
Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири қўшма бизнес форумида иштирок этди

16:28 / 26.02.2025