Ўзбекистон | 17:05
1273
2 дақиқада ўқилади

Temu Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинган иловалар рўйхатидан тушиб кетди

Temu бир неча ойдан бери Google Play ва App Store'да ўзбекистонликлар энг кўп юклаб олган илова сифатида етакчилик қилиб келаётганди. Март ойи бошида Ўзбекистон расмийлари бу маркетплейсни блоклашини эълон қилгач, илова юклаб олишлар сони бўйича Google Play'да 35-ўринга, App Storeʼда эса 50-ўриндан ҳам пастроққа тушиб кетди.

Фото: Getty images

Ўзбекистонда Хитойдан арзон товарлар етказиб берувчи Temu маркетплейси 20 мартдан бошлаб блокланиши эълон қилинганидан кейин, Temu иловаси энг кўп юклаб олинган иловалар рўйхатидаги етакчиликни бой берди.

Similar Web маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 9 март ҳолатига Temu иловаси ўзбекистонликлар орасида Google Play'да 35-ўринга тушиб кетган, айни пайтда ўзбекистонлик Android фойдаланувчилари энг кўп Chat GPTʼни юклаб олишяпти. App Store'да ҳам Temu энди биринчи эмас – у 50 та топ-иловалар рўйхатидан ҳам чиқиб кетди.

Таққослаш учун, 10 феврал ҳолатига кўра, Temu Play Store'да биринчи ўринда, App Store'да эса иккинчи ўринни эгаллаганди. Умуман олганда, ярим йилдан бери ўзбекистонликлар энг кўп юклаб олган иловалар рўйхатида Temu биринчиликни ҳеч кимга бермай келаётганди.

Хушланмаган Temu – у нега блокланяпти?

2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган хорижий электрон савдо платформаларининг фаолияти тақиқланади. Улар ё Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши ёки шуъба корхонасини ташкил этиши керак бўлади. Бу 2024 йил охирида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган.

Масъуллар Temu учун бу талабларни 20 мартдан жорий этишга қарор қилди ва шу санадан эътиборан платформа мамлакатда блокланади. Ўзбекистонликларга бу маркетплейсдан ортиқ буюртма бермаслик, ҳали етиб келмаган буюртмалар учун эса тўловни қайтариб олиш тавсия этилган.

Расмийлар буни Temu томонидан Ўзбекистоннинг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсга доир маълумотлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунларига риоя қилинмаётгани билан изоҳлади.

Маркетплейслар соҳаси регулятори – Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг маълум қилишича, ўтган йили ўзбекистонликлар Temuʼдан жами 10 млн доллардан ортиқ нархдаги товарларни харид қилган.

Мавзуга оид