Ўзбекистон | 09:48
3690
5 дақиқада ўқилади

Фойдали қазилмалар ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик, ахборот алмашинувини кучайтириш – Ўзбекистон-Франция стратегик шериклик шартномасида нималар кўзда тутилган?

12 март куни Парижда бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон Ўзбекистон–Франция ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Елисей саройи расмий сайтида қўшма декларациянинг тўлиқ матни эълон қилинди. Kun.uz ушбу ҳужжатда кўзда тутилган келишувлар ҳақида маълумот бериб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация 5 боб 36 банддан иборат. Боблар – сиёсий ҳамкорликни чуқурлаштириш, мудофаа ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик ва савдони ривожлантириш, инклюзив ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда инсон алмашинувини ривожлантиришни ўз ичига олади.

Ҳужжатга кўра, томонлар ўз муносабатларини халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳурмат, ҳар икки томоннинг ўзаро тенглиги, суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг бўлинмаслиги ва ўзаро ишонч асосида ривожлантиради. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаб, халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда куч ишлатишга қарши эканини қайд этган. Хусусан, Франция томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Франция ва Ўзбекистон БМТнинг ўрни, ташкилот олдида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятларини тан олади. БМТ ва унинг тизимидаги ташкилотлар ЕХҲТ доирасида ҳамкорликни ривожлантириб боради. ЮНEСКО доирасида маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш юзасидан олинган мажбуриятларни бажаришга содиқ қолади.

Икки томон энг юқори даражада ва ҳукуматлар доирасида барча каналларда доимий алоқаларни сақлаб туришга келишган. Франция Ўзбекистон-2030 стратегияси доирасида демократияни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдиради.

Томонлар давлат бошқаруви, парламентлараро ҳамкорлик, давлат хизматчиларини тайёрлаш йўлида ҳамкорликни давом эттиради.

Франция ва Ўзбекистон мудофаа ҳамда хавфсизлик йўналишларидаги муносабатларини ривожлантиришни мақсад қилган. Шу мақсадда мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади. Ўзаро манфаатли бўлган барча сиёсий, ҳарбий ва мудофаа-саноат соҳаларида мунтазам равишда икки томонлама стратегик мулоқотлар рағбатлантирилади.

Франция ва Ўзбекистон мутахассислар, малакали ишчиларнинг қонуний ҳаракатланишига имконият яратиб, ноқонуний иммиграцияга қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилган. Шу мақсадда талабалар ва мутахассисларнинг ҳаракатланиши, шунингдек, ноқонуний мигрантларни топширишга доир ҳужжат — реадмиссия имзоланди.

Икки давлат жиноятчиликка қарши курашда ахборот алмашинувини кучайтиради ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиради. Соҳавий делегациялар алмашинуви ҳамда таълим фаолиятидаги ҳамкорлик чуқурлаштирилади.

2020-2030 йилларга мўлжалланган иқтисодий йўл харитасига кўра, қуйидаги соҳаларда стратегик ҳамкорлик ривожлантирилади:

  • аэронавтика ва космик, энергетика ва саноат;
  • геологик қидирув ва фойдали қазилмалар;
  • коммунал хизматлар;
  • сув ресурсларини бошқариш;
  • транспорт инфратузилмаси ва ускуналари;
  • туризм, маданий меросни сақлаш;
  • молиявий хизматлар.

Томонлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати; ишлаб чиқариш саноати, шаҳарсозлик ва қурилиш, шу жумладан, Янги Тошкент доирасидаги қурилишлар, маданий ва ижодий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш ниятида эканини билдирган.

Икки давлат стратегик фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини тасдиқлаган, 2024 йил апрел ойида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида муҳим хомашё бўйича тузилган стратегик шериклик муҳимлиги қайд этилган. Франция Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш истиқболини қўллаб-қувватлайди.

Иқлим ўзгариши шароитида ҳар икки томон 2015 йил 12 декабрдаги Париж келишувида белгиланган мақсадларга эришиш учун қатъийлигини яна бир бор тасдиқлайди. Имзоловчилар сув ресурсларини бошқариш сайёра ва иқлим учун асосий муаммо эканини, шунингдек, глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муҳимлигини тан олиб, бу борада ҳамкорлик ва алмашинувни чуқурлаштириш ниятида эканини билдирган.

Томонлар маданий соҳадаги ҳамкорлик муҳимлигини қайд этиб, Тошкентда француз-ўзбек маданият маркази барпо этилишини билдирган. Томонлар ҳужжатли филмлар суратга олиш, ўзбекистонлик мутахассислар ва уларнинг француз ҳамкасблари ўртасидаги учрашувларни қўллаб-қувватлайди.

Иккала томон ҳам икки давлат ўртасида талабалар мобиллигини ривожлантириш, Парижда имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ Франция–Ўзбекистон университетининг очилишини билдирган.

Томонлар икки давлат халқлари ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатликка кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида, шунингдек, педагогик кадрлар тайёрлашда француз тилини ўқитиш амалиётини ривожлантиришни рағбатлантиришини маълум қилган.

Шунингдек, ахборотни манипуляция қилишга қарши курашиш мақсадида ҳар икки томон ахборотнинг яхлитлиги ва сўз эркинлигига содиқлигини таъкидлаган. «Франция ва Ўзбекистон медиатаълим соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқади, журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватлайди», — дейилади ҳужжатда.

Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари, тегишли маъмуриятлар билан биргаликда ушбу қўшма декларация ва ундаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат қилишга масъул этиб белгиланган.

Ўзбекистон–Франция ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг тўлиқ матни билан Франция президентининг расмий сайтида (француз тилида) танишиб чиқишингиз мумкин.

Мавзуга оид