Жаҳон | 17:12
5125
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти Марказий Осиёда ягона визани жорий этишни таклиф қилди

Садир Жапаров Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбариятига ўзаро визасиз режим ўрнатишни, хорижлик сайёҳларга эса Шенген визасига ўхшаш минтақавий визани жорий этишни таклиф қилди.

Фото: president.kg

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё республикаларига ўзаро визасиз режимни жорий этиш жараёнини бошлашни, шунингдек, чет элликлар учун Шенген визасига ўхшаш минтақавий визани жорий этишни таклиф қилди, шунда унинг эгаси бешта давлат бўйлаб эркин саёҳат қилиши мумкин.

Жапаров Марказий Осиёга кириш учун умумий ҳужжат ғоясини Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги узоқ йиллик чегара масаласи ҳал қилингандан сўнг эълон этди.

Сиёсатчи қўшни республика президенти Имомали Раҳмон билан Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганини нафақат икки давлат, балки бутун минтақа учун катта воқеа сифатида баҳолади.

«Энди Марказий Осиёда абадий тинчлик ўрнатилди», деди Жапаров.

Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбариятига ўзаро визасиз режим ўрнатишни таклиф қилди.

«Бошқа давлатлардан келган меҳмонлар учун эса Шенген визасига ўхшаш минтақанинг барча мамлакатлари бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконини берувчи ягона виза жорий этилиши керак», деб ёзди Жапаров.

Марказий Осиёнинг аксарият республикалари ўртасида аллақачон визасиз режим мавжуд бўлиб, унга кўра фуқаролар бошқа давлатга кириш учун рухсатнома олиши шарт эмас. Фақат Туркманистон бундан мустасно.

Хорижлик сайёҳлар учун ягона ҳудудий визани яратиш ғояси 2018 йилда билдирилган эди. Бу ташаббус Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға томонидан илгари сурилди. Унинг таъкидлашича, ҳужжат Шенген визасининг Осиё эквивалентига айланиши керак.

2018 йил декабрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон 2019 йилдан «Ипак йўли» умумий визасини йўлга қўйишни режалаштираётгани хабар қилинди. Аммо лойиҳа амалга оширилмади.

Мавзуга оид