Иқтисодиёт | 11:29
627
3 дақиқада ўқилади

Серияли облигациялар дастурига талаблар белгиланди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг «Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди.

Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига серияли  облигациялар дастурини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.

Серияли (облигация дастури асосида) облигациялар дастури эмитентга унинг доирасида бир нечта облигация эмиссияларини (очиқ ёки ёпиқ тарзда жойлаштириш) кетма-кет чиқариш ҳуқуқини беради. Облигация дастури доирасида жойлаштириладиган барча чиқарилган облигациялар номинал қийматларининг умумий суммаси облигация дастурида кўрсатилган суммадан ошмаслиги керак. Облигация дастури рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатга олинади.

Облигация дастурида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • эмитентнинг ваколатли бошқарув органи томонидан облигация дастури бўйича қабул қилинган қарор;
  • облигация дастури доирасидаги облигацияларнинг тури ва сони, уларни чиқариш шакли, номинал қиймати ва умумий ҳажми;
  • облигация дастурининг амал қилиш муддати (2 йилдан ошмаслиги лозим);
  • облигациялар чиқарилишининг муомала муддатлари;
  • облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигациялар эгаларининг ҳуқуқлари;
  • облигациялар бўйича даромадларни тўлаш тартиби ва шартлари (облигациялар бўйича даромадлар облигация дастури доирасида чиқариладиган ҳар бир чиқариш бўйича эмитентнинг ваколатли бошқарув органи томонидан бозор талаб ва таклифларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган алоҳида қарорда (рисолада) белгиланади);
  • облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигациялар бўйича мажбуриятларни бажариш кафолатлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • облигация дастури доирасида облигацияларни жойлаштириш шартлари;
  • бошқа маълумотлар.

Облигация дастурини рўйхатдан ўтказиш учун эмитент рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

  • облигация дастурини рўйхатдан ўтказишга ариза;
  • облигациялар дастури (уч нусхада);
  • облигация дастурининг қабул қилинганлигини ва тасдиқланганлиги хусусида акциядорларнинг ёки жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши баённома нусхаси, агар мазкур қарор АЖ кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилинган бўлса – овоз беришда иштирок этган АЖ кузатув кенгаши аъзоларининг Ф.И.О., имзоси кўрсатилган йиғилиш баённома нусхаси;
  • эмитентнинг облигациялар дастурини қабул қилиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланган санадан олдинги тугалланган йил давомида рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидлик бўйича ижобий кўрсаткичлари мавжудлигини тасдиқловчи аудиторлик ташкилоти хулосасининг асл нусхаси (ёки тасдиқланган нусхаси);
  • эмитентнинг облигациялар дастурини қабул қилиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланган сана учун ўз капитали миқдорини (Ўзбекистон миллий валютасида) тасдиқловчи аудиторлик ташкилоти хулосасининг асл нусхаси (ёки тасдиқланган нусхаси);
  • эмитентнинг мустақил рейтинг баҳоси мавжуд ҳужжат нусхаси. Бунда, эмитентга рейтинг баҳосини бериш санаси облигация дастурини чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бир йилдан ошмаслиги керак.

Мавзуга оид