Ўзбекистон | 11:11
2115
4 дақиқада ўқилади

2024 йилда «права»си йўқ ҳайдовчилар 400 дан ортиқ ЙТҲ содир қилди – Сенат жавобгарликни кучайтирмоқчи

Олий Мажлис Сенати ўзининг қонунчилик ташаббусидан фойдаланиб, ЖК 266-моддаси – ўлим ва жароҳатланишга олиб келган ЙТҲлар юзасидан жавобгарликни кучайтиришни режалаштирмоқда. Яқинда, вояга етмаган опа-сингилларни уриб юбориб, икки норасиданинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

14 март куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи йиғилишида «Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» – Жиноят кодексининг 266-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, Сенат ўзининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштирмоқчи.

«Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган қилмиш эҳтиётсизлик оқибатидаги жиноят сифатида эътироф этилса-да, охирги вақтларда бу турдаги қилмишлар йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, айниқса пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари ҳуқуқларини очиқ менсимаслик, муқаддам йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги ёки йўл-транспорт ҳодисасини содир этганлиги учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, шунингдек, мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахслар томонидан содир этилаётгани кузатилмоқда.

Хусусан, 2020–2024 йиллар давомида маст ҳайдовчилар сабабли 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган бўлса, 2024 йилнинг ўзида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан 405 та ЙТҲ рўйхатга олинган», дейилади Сенат ахборотида.

Сенаторларга кўра, бундай ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда ва ижтимоий тармоқлар орқали амалдаги қонунчиликни кучайтириш лозимлиги таъкидланмоқда.

Шу боис Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралардан олинган фикрлар асосида Жиноят кодексининг 266-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузган ҳайдовчиларга нисбатан жиноятнинг оғирлигини ҳисобга олган ҳолда жазо чораларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Йиғилишда Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда ИИВ Академияси томонидан тақдим этилган таклифлар асосида ишчи гуруҳ томонидан берилган таклифлар муҳокама қилинди.

«Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахс томонидан содир этилганда оғирроқ жазо чораларини қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳни шакллантириш масаласи кўриб чиқилди», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг амалдаги 266-моддаси «транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» одамлар ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса ҳам, энг оғир жазо — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланган.

Афсуски, Ўзбекистонда ЙТҲлар оқибатида вафот этганлар сони йилига мингдан ошаётгани сабабли амалиётда бу модда тез-тез ишлатилмоқда. Масалан, куни кеча, Жиззахда маст ҳолда машина бошқариб, пиёдалар йўлагидан ўтаётган 4 ва 13 ёшли опа-сингил уриб кетган ҳайдовчи 3 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 9,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Икки норасида ҳалок бўлди.

Аввалроқ, Сурхондарёда Isuzi юк машинаси ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган машинага идишдан бензин қуяётган 3 кишини уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган эди. Ҳайдовчи уларга ёрдам бериш ўрнига ҳодиса жойидан қочиб кетган. Бу ҳайдовчи ҳам 3 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 9,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид