Ўзбекистон | 16:16
4195
2 дақиқада ўқилади

Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг 1-босқичи якунланди

Биринчи босқич доирасида узунлиги 3300 метр, эни 60 метр бўлган янги 4Э тоифали учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилди. Энди бу аэропорт Boeing 787, 747, Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қила олади. Иккинчи босқичдаги ишлар давом этмоқда, аэропорт тез орада ишга туширилади.

Фото: Uzbekistan Airports

Андижон халқаро аэропорти аэродроми реконструкциясининг биринчи босқичи якунланди. 2025 йил 15 март куни аэропорт Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Андижон йўналиши бўйича биринчи техник рейсини қабул қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Биринчи босқич доирасида узунлиги 3300 метр ва эни 60 метр бўлган янги 4Э тоифали учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши якунланди.

Аэродром қопламасининг янги элементлари (учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва перрон) бетондан қурилган. Бу аэропортга Boeing 787, 747, Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконини беради.

Аэродромда иккинчи юриш йўлаги ва 7 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши давом эттирилиб, радар, метеорологик ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу бир вақтнинг ўзида 10 тагача самолётга перронда хизмат кўрсатиш ва тунги вақтда ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконини беради.

Андижон аэропорти аэродром мажмуасини тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш муносабати билан 2023 йил 1 апрель куни ёпилган эди. Таъкидланишича, аэропорт тез орада ишга туширилади.

Мавзуга оид