Жамият | 10:04
8825
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мингдан ортиқ қуш ва чўл тошбақалари ноқонуний сотилаётгани аниқланди

Қушларнинг аксарияти ўзлари учун яшашга қулай муҳитга қўйиб юборилган, тошбақалар эса вақтинча ҳайвонот боғига топширилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

15 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги қуш бозорида 1000 дан ортиқ қуш ва чўл тошбақалари ноқонуний сотилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Қайд этилишича, табиатдан ноқонуний равишда тутилган ёввойи қушлар ва ҳайвонларнинг ноқонуний сотилиши ҳолатларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри прокуратураси, ИИБ, Миллий гвардия ва Экология бошқармаси қўшма назорат тадбири ўтказган.

Унда 1168 дона, хусусан, 935 дона чумчуқсимонлар оиласига, 33 дона майнасимонлар оиласига, 200 дона тўрғайсимонлар оиласига ва 3 дона қирғийсимонлар оиласига мансуб қуш, шунингдек, 35 дона чўл тошбақаси ноқонуний сотилаётгани аниқланган.

Қушлар бозордаги сотувчилардан далилий ашё сифатида олиб қўйилган ва ўзлари учун яшашга қулай муҳитга қўйиб юборилган.

Чўл тошбақалари вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига, 3 дона қирғийсимонлар оиласига мансуб қуш эса вақтинча Ёввойи қушларни ҳимоя қилиш жамиятига топширилган.

Улар тиббий назорат ва парваришдан сўнг табиатга қўйиб юборилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид