Ўзбекистон | 22:40 / 17.03.2025
1550
5 дақиқада ўқилади

17 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Шахснинг рухсатисиз фото ва видео учун чеклов, пойтахт ҳавоси ифлослик рейингида, Тошкентда пулли парковкалар тарифлари ва иситиш мавсумининг поёни — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда тасвирга олиш қоидалари ўзгариши мумкин

Адлия вазирлиги шахсларни рухсатсиз фото ва видеога олишни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокамага чиқарди.

Лойиҳага кўра, шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун уларнинг розилиги талаб этилади. Бироқ давлат хизматчиларини иш жараёнида тасвирга олиш, жамоат тадбирлари ва тўйларда умумий жараённи суратга туширишга рухсат берилади.

Шунингдек, яширин камералардан фойдаланиш тақиқланиши ва бунга нисбатан жарима чоралари белгиланиши мумкин. Видеокузатув тизимлари жамоат жойларига ўрнатилганда, бу ҳақда барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги бўлиши шарт.

Лойиҳа муҳокамаси 28 мартгача давом этади. Агар қонун Олий Мажлис томонидан тасдиқланса ва президент имзоласа, расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтиб кучга киради. Бу чекловлар шахсий дахлсизликни ҳимоя қилиш, сўз ва матбуот эркинлигини мустаҳкамлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича 19-ўринда

2024 йил халқаро ҳаво сифати ҳисоботига кўра, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда 19-ўринни эгаллади. 2023 йилда пойтахтимиз бу кўрсаткич бўйича 23-ўринда эди. Тошкентда PM2,5 заррачалари концентрацияси ўртача метр кубига 31,4 микрограммни ташкил этган.

Ҳисоботга кўра, Африкадаги Чад давлати энг ифлос ҳавога эга ҳудуд сифатида қайд этилган. Марказий Осиё давлатлари орасида эса Тожикистон 6-ўринда, Туркманистон 26-ўринда, Қирғизистон 41-ўринда ва Қозоғистон 71-ўринда қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 99 фоизи ифлос ҳаво таъсирига учраган. Ҳаво ифлосланиши 5 ёшгача бўлган болалар ўлимида иккинчи асосий сабаб сифатида қайд этилган.

Тошкентда пулли автотураргоҳлар тарифлари белгиланди

Тошкентда ташкил этилаётган пулли автотураргоҳларда паркинг нархи соатига 5 мингдан 12 минг сўмгача этиб белгиланди, максимал тариф эса 30 минг сўм бўлиши мумкин.

Ҳокимлик 200 мингдан ортиқ автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари яратишни режалаштирган. Биринчи босқичда 86 та нуқтада 13-14 минг ўринли йўлбўйи автотураргоҳлар фойдаланишга топширилади. Улар март охирида тест режимида ишга тушиши, июлдан эса шаҳар бўйлаб жорий этилиши кутиляпти.

Паркинглар Streetpark Systems компанияси томонидан ягона ахборот тизимига уланади. Автотураргоҳ учун тўлов қилингани видеокузатув камералари орқали назорат этилади. Ҳайдовчилар учун махсус мобил илова ишлаб чиқиляпти.

Расмийлар бу чоралар ҳаракат тезлигини ошириб, тирбандликни камайтиришини таъкидламоқда.

Тошкентда иситиш мавсуми қачон якунланади?

Тошкент шаҳрида 8-14 март кунлари ўртача кунлик ҳарорат +11,6 даража бўлгани сабабли шаҳар ҳокимлиги иситиш мавсумини якунлаш ҳақида тез орада қарор қабул қилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, агар ўртача суткалик ҳаво ҳарорати беш кун мобайнида +8 даражадан юқори бўлса, иситиш мавсуми тугалланади. Шунга асосан, 2024–2025 йилги мавсум якунланиши кутилмоқда.

Veolia Energy Tashkent иситиш мавсуми якунланганидан сўнг, келаси йилга тайёргарлик ишлари бошланишини маълум қилди. Шу мақсадда, иссиқлик тармоқлари, қозонхоналар ва насос станциялари жорий ҳамда капитал таъмирдан ўтказилади.

Шу билан бирга, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар муҳандислик коммуникацияларини келгуси мавсумга ҳозирлашни бошлаши лозим. Мутахассислар хоналардаги иситиш радиаторларини ювдириш ва таъмирлашни тавсия этмоқда.

Тайинловлар

Абдуқаҳҳор Муллажонов Навоий вилояти прокурори этиб тайинланди. Мазкур тайинловга қадар Абдуқаҳҳор Муллажонов Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. А.Муллажонов 1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Сирдарё ва Андижон вилоятларига эса Ички ишлар бошқармасининг янги бошлиқлари тайинланди.

Ички ишлар вазирлиги академиясининг магистратура босқичи тингловчиси подполковник Фаррух Ҳайдаров Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. 2022 йилдан шу вақтгача Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган полковник Санжар Жабборов Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказилди.

Автолизингчи фирибгарлар жиноий жазога тортилди

Тошкентда автохарид ваъдаси билан 600 нафарга яқин инсонни алдаган 13 кишига ҳукм ўқилди. Улар «Ishonch Auto Leasing», «Mega Avto Leasing» ва бошқа МЧЖлар орқали фуқаролардан миллиардлаб сўм йиғиб, пирамида усулида фирибгарлик содир этган.

Суд уларга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Судланганларнинг иккита аёлидан бири қамоқда чақалоқ кўрган, бироқ жазони кечиктириш сўрови рад этилди.

Судланганлар жами 5 млрд 240 млн сўмдан ортиқ зарар етказган. Улардан айримлари фирибгарликка доир бошқа ишларда ҳам айбланаётгани хабар қилинди.

Мавзуга оид