Жаҳон | 22:02 / 17.03.2025
2091
2 дақиқада ўқилади

Трамп ҳусийлар туфайли Эронга «даҳшатли оқибатлар» билан таҳдид қилди

Америка президентининг таъкидлашича, Эрон «ҳусийларнинг ҳар бир қадамини назорат қиляпти, қурол-яроғ, молия, юқори технологияли ҳарбий жиҳозлар ва ҳатто разведка маълумотлари билан таъминламоқда».

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп, Яман ҳусийларининг ҳар қандай кейинги ҳужуми кескин жавоб зарбаларига олиб келишини ва «бу билан чекланиб қолинишига кафолат йўқлигини» айтди. Унинг сўзларига кўра, яманлик жангарилар билан яқин алоқада бўлган Эрон ҳусийларнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.

«Бундан буён ҳусийлар томонидан отилган ҳар бир ўқ Эрон қуроллари ва раҳбарияти томонидан отилган ўқ деб ҳисобланади ва Эрон жавобгарликка тортилади ва оқибатларга тортилади ва бу оқибатлар даҳшатли бўлади!», деб ёзди Доналд Трамп Truth ижтимоий тармоғида.

Америка президентининг таъкидлашича, Эрон «ҳусийларнинг ҳар бир қадамини назорат қиляпти, қурол-яроғ, молия, юқори технологияли ҳарбий жиҳозлар ва ҳатто разведка маълумотлари билан таъминламоқда».

15 март куни Доналд Трамп Ямандаги ҳусийларга қарши «қатъий ва кучли ҳарбий ҳаракатларни бошлашни» буюрди. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумларидан мақсад 2023 йил кузидан бери ҳусийлар кемаларга ҳужум қилиб келаётган Қизил денгиз ва Адан кўрфазида хавфсиз навигацияни тиклашдир. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц Пентагон ҳусийларга ёрдам бераётган Эрон кемалари ва эронлик ҳарбий инструкторларга ҳам зарба бериши мумкинлигини айтди.

 

Мавзуга оид