Жаҳон | 21:01 / 17.03.2025
6678
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда турмушга чиқмаган аёлларга ишда сариқ рўмол ўраш буюрилди – ОАВ

Янги қоидаларнинг жорий қилиниш сабаблари номаълум, аммо уни бажармаганлик учун ишдан кетиш мумкин.

Фото: Getty images

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида турмушга чиқмаган аёлларга иш жойида сариқ рўмол ўрашга буйруқ берилди. Бу ҳақда «Озодлик радиоси» туркман хизмати хабар берди.

Бу талаб март ойининг бошида, турмушга чиққан туркман аёлларининг ишга сариқ кўйлакда бориши ҳақидаги буйруқ билан бир вақтда пайдо бўлган. Ташкилотлар раҳбарияти ўз қўл остидагиларига янги қоидаларни жорий қилиш сабабларини тушунтира олмагани, фақат «юқоридан бўлган» кўрсатмаларга ишора қилгани ва бажарилмагани учун ишдан бўшатиш билан таҳдид қилгани таъкидланмоқда.

Бу талаб қонунан қўллаб-қувватланмаса-да, Туркманистон фуқаролари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кўплаб норасмий қоидалардан биридир, дейилади хабарда. Илгари туркман аёлларига косметика воситаларидан фойдаланиш, тор кийим кийиш ва сочини очиқ рангга бўяш тақиқланган эди.

Карлов университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти Славомир Хорак нашрга берган интервьюсида таъкидлаганидек, бундай «қоидалар» кўпинча фақат президент ёки унинг оила аъзоларининг буйруқлари ёки «тавсияларига» асосланади. Экспертнинг фикрича, бундай эстетик меъёрлар қисман совет давридан мерос бўлиб, мамлакат биринчи президентининг инжиқликлари билан боғлиқ бўлса-да, «Бердимуҳамедовлар сулоласи даврида энг юқори даражага чиққан».

Январь ойида Туркманистон ҳукумати давлат босма нашрлари устидан назоратни кучайтиришга қарор қилди. Давлат хизматчилари ва талабаларга мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг оила аъзоларининг суратлари туширилган «газета саҳифаларини нолойиқ жойларга ташламаслик» буюрилди. Тақиқни бузганлик учун, масалан, газеталарни қадоқлаш, олов ёқиш ёки ҳожатхона қоғози сифатида ишлатгани учун фуқаролар ишдан бўшатилиши мумкин.

2022 йил мартидан бери Туркманистонни собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли 43 ёшли Сердар Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда.

Мавзуга оид