Ўзбекистон | 20:36
712
5 дақиқада ўқилади

2024 йил Ўзбекистонда Омбудсманга қилинган мурожаатлар сони 23 мингдан ортиб кетди

Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2024 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, Омбудсманга йўлланган мурожаатларнинг учдан бири ижтимоий-ҳуқуқ йўналишида ва бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошган. 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига қилинган мурожаатлар эса мингдан ошган.

Фото: Олий Мажлис Сенати

18 март куни Олий Мажлис сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Сенатнинг 2024 йил 30 мартдаги қарори натижасида такрорий мурожаатлар сони ўтган йилда 3 минг 77 тани ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 21 тага камайган. Шу билан бирга аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда тарғибот тадбирлари ўтказилган, ОАВларда Омбудсман фаолиятига оид 4 мингдан ортиқ чиқиш ташкил этилган.

Ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони 23 минг 422 тани ташкил қилган. Бу 2023 йилга нисбатан 4 800 тага ёки 25 фоизга кўпроқ.

2024 йилда Омбудсманга йўлланган жами мурожаатларнинг 31,8 фоизини ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиши ва бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошгани маълум бўлди. Шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оиладаги тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 294 та мурожаат келиб тушиб, олдинги йилга (133 та) нисбатан 121 фоизга кўпайган.

Омбудсманнинг минтақавий вакилларига ушбу орган котибиятидан ҳамда фуқаролардан тўғридан тўғри 3 857 та мурожаат келиб тушган. Бу қабул қилинган жами мурожаатларнинг атиги 16,4 фоизини ташкил этмоқда.

«Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитлар ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Масала якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди», — дейилади Сенат ахборотида.

Шу куни сенаторлар Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1064 та мурожаат келиб тушган. 2023 йилга нисбатан солиштирганда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошган.

Ўтган йили Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга мониторинг шаклидаги жами 31 та ташриф амалга оширилган. Шу даврда улар 46 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ҳамда бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили натижасида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот киритилган ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

«Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан таъсир чоралари орқали муносабат билдирилган. Бунда бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан жами 36 та огоҳлантириш, тақдимнома, хулоса ва суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимосномалар киритилган», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган. Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 7 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган. Болаларга нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланган.

Шунингдек, интернетдаги мониторингларда аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид 83 та ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 15 та жиноят иши ҳамда 9 та маъмурий иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда 87 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланиб, 11 нафар болага васий ёки ҳомий тайинланиши таъминланган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар ва ҳамкор ташкилотларнинг сўровлари асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган. 

Мавзуга оид