19 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Тадбиркорлик субъектларига енгилликлар, Тошкентда бузилиши белгиланган ноқонуний «дом», Миллий гвардиядан ички ишларга ўтаётган мактаблар ва 715 минг аҳолига илк бор бериладиган тоза ичимлик сув — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкентда ноқонуний қурилган «дом» бузилади
Учтепа туманида Ҳунармандлар маркази қурилиши керак бўлган ҳудудда ноқонуний 9 қаватли уй барпо этилгани аниқланди. Суд «Turon meros» МЧЖ қурган бинони уларнинг ҳисобидан бузиш ҳақида қарор чиқарди.
2019 йилда ҳунармандлар устахоналари бузилгандан сўнг, ҳукумат уларга 4 қаватли марказ қуриб беришни ваъда қилган. Бироқ инвесторлар бу ерда турар жой қуришни бошлаб юборган. Ҳужжатларда бу бино ҳунармандлар учун мўлжалланган бўлса-да, аслида 9 қаватли уйга айланиб қолган.
2024 йил 25 октябрда Учтепа туманлараро суди ноқонуний қурилган бинони бузиш тўғрисида қабул қилган эди. 2025 йил 5 февралда апелляция суди ҳам бу қарорни ўзгаришсиз қолдирди.
Ҳозирда иш тафтиш инстанциясида кўриб чиқилмоқда. Бино «Turon meros» МЧЖ маблағлари ҳисобидан бузилади.
Президент тадбиркорларга енгилликлар берилишини талаб қилди
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва янги фаолият бошлаганларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги уч йилда 17,5 минг корхона ташкил этилган бўлса, уларнинг катта қисми 1 йилга етмасдан тугатилган. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Жиззах вилоятларида янги корхоналарни қўллаб-қувватлашда камчиликлар борлиги қайд этилди.
Энди янгича, «биринчи имконият» тамойили жорий этилади. Илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш имконияти берилади.
Бундан ташқари, охирги уч йилда айланмаси 10 млрд сўмдан кам, солиқ қарзи йўқ корхоналар аудитдан ўтмасдан ихтиёрий тугатилиши мумкин.
Кичик ва ўрта бизнесга қўшимча мажбурият юклайдиган ҳужжатларни қабул қилишга уч йиллик мораторий жорий этилди.
Фермерлар учун муҳим енгиллик бор — солиқ қарзини ўз вақтида тўлай олмаган фермерлар учун умумий 1 трлн сўмлик пеня ундирилмайдиган бўлди.
15 туман ва шаҳарда давлат идоралари битта бинога жамланади
Президент Шавкат Мирзиёев 15 туман ва шаҳарда давлат идораларини битта бинога жамлаш ташаббусини илгари сурди. Янги биноларнинг 1-2-қаватлари тадбиркорларга сотилади, бўшайдиган 150 та давлат биноси аукционга чиқарилади.
Ташаббус Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот, Янгийўл туманлари ва Марғилон шаҳарларида амалга оширилади.
Тадбиркорлар билан учрашувда давлат раҳбари кичик ва ўрта бизнес улушини 55 фоизга етказиш, 1,5 млн доимий иш ўрни яратиш ва экспорт ҳажмини 12 млрд долларга чиқариш режасини маълум қилди.
Шунингдек, инвесторларга 10 минг квадрат метргача давлат объектлари 5 йилга бепул ижарага берилади. Бу ислоҳот 250 мингта янги корхона фаолиятини кенгайтиришга ёрдам беради.
Шунингдек, кичик бизнес инфратузилмасига 1,5 трлн сўм ажратилиши белгиланмоқда.
715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик сув
Ўзбекистонда 2025 йилда 715 минг аҳолига илк бор марказлашган тоза ичимлик сув етиб боради. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари маълум қилди.
Жорий йилда 1619 км ичимлик сув, 521 км оқова сув тармоғи тортилади, 162 та иншоот қурилади ва реконструкция қилинади. 135 минг хонадон оқова тармоғига уланади, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилади.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Сурхондарё ва Қашқадарёда ичимлик сув учун 340 млн евролик 3 та лойиҳа келишилди.
Соҳани рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 млн доллар жалб қилинади. 5 йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4800 та «ақлли» ҳисоблагич, 2 800 та телеметрия тизими ўрнатиш режалаштирилган.
Республика ва 14 та ҳудудий сув таъминоти корхоналарида ягона ситуацион марказ ташкил этилиб, аварияларни тезкор бартараф қилиш тизими йўлга қўйилади.
Инспектор-психологлар Миллий гвардиядан ИИВга ўтказилди
Миллий гвардия энди мактабларда болалар тарбияси ва давомати билан шуғулланмайди. Бу ваколат яна ички ишлар органларига қайтди.
Бу ҳақда Бош прокуратурада ўтказилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган йиғилишда маълум қилинди. Видеоселектор шаклида ўтган тадбирда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизми муҳокама қилинди. Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашда мавжуд камчиликлар мисоллар орқали таҳлил қилинди ва галдаги вазифалар белгиланди.
Қарорга асосан, Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари ва 2000 та штат бирлиги ИИВ тузилмасига ўтказилди. Энди ички ишлар органлари вояга етмаганлар билан «Оила – маҳалла – мактаб» тамойили асосида иш олиб боради.
Мавзуга оид

22:18 / 18.03.2025
18 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:40 / 17.03.2025
17 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:10 / 14.03.2025
14 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:32 / 13.03.2025