Ўзбекистон | 17:00
873
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳор айёми - Наврўз муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон ва Туркманистон халқларига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда ва кооперация чуқурлашмоқда. Биргаликда «Шовот - Тошҳовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шериклик, муҳим форум ва анжуманларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталди.

Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё плюс» форматида ўтказиладиган саммитлар ҳамда Тошкент шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Давлат раҳбари жорий йил декабр ойида Ашхобод шаҳрида Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга оид