АҚШ Миллий темирйўл йўловчи корпорацияси раҳбари Илон Маск сабаб истеъфога чиқди
Март бошларида Илон Маск аксарият улуши давлатга тегишли ушбу корпорацияни хусусийлаштириш кераклигини айтганди.

Фото: Getty images
Америка Миллий темирйўл йўловчи корпорацияси (Amtrak) бош директори Стивен Гарднер истеъфога чиқди. CNN’га кўра, истеъфога Илон Маск бошчилигидаги Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) томонидан Amtrak’ни хусусийлаштириш зарурлиги ҳақида берилган баёнот сабаб бўлган.
Amtrak 1971 йилда ташкил этилган. Унинг аксарият улуши давлатга тегишли бўлиб, корпорация директорлар кенгаши аъзоларини АҚШ президенти тайинлайди ва Сенат тасдиқлайди. Компания АҚШнинг 46 штати, Колумбия округи ва Канаданинг икки провинциясида йўловчи темирйўл ташиш хизматларини кўрсатади. 2024 йилда компания рекорд даражада — 32 миллион йўловчини ташиган.
Ўз баёнотида Гарднер «Amtrak ҳозирги маъмуриятнинг тўлиқ ишончи ва ҳурматига сазовор бўлишда давом этишини кафолатлашни исташини» ёзган.
Март ойининг бошида Илон Маск имкон қадар ҳамма нарсани хусусийлаштириш кераклигини, бунга АҚШ почта хизмати ва Amtrakʼни мисол қилиб келтирган эди. Унинг сўзларига кўра, «бошқа мамлакатлар АҚШдан анча сифатли йўловчи ташиш хизматларини таклиф қила олиши ачинарли ҳолат».
«Amtrak жуда ачинарли аҳволда. Агар сиз бошқа мамлакатдан бўлсангиз, илтимос, бизнинг миллий ташувчиларимиздан фойдаланманг. Акс ҳолда, Америка ҳақида жуда ёмон таассуротга эга бўласиз», — деган Маск. Шунингдек, у хусусийлаштириш жараёни одатда «яхшиланишга олиб келиши»ни таъкидлаган.
Мавзуга оид

12:59
Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон муаммоси бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди

08:33
Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШга ишлаш учун юборилиши мумкин

20:38 / 20.03.2025
Трамп таълим вазирлигини ёпмоқда: демократлар судга ариза топширди

15:28 / 20.03.2025