Ўзбекистон | 12:07 / 20.03.2025
31779
4 дақиқада ўқилади

Кунлар совийди. Деҳқон нима қилиши керак?

Мартнинг бошланиши учун аномал ҳолат бўлган ҳозирги иссиқдан кейин мамлакатимизга совуқ оқим кириб келяпти. Деҳқон бу вазиятда нима қилиши керак? Ерга уруғни қачон қадаши лозим? Шу ва бошқа саволларга Kun.uz студиясида иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов жавоб берди.

Эркин ака, мартнинг учинчи ўн кунлигига яқинлашяпмиз, сал аввал Наврўз арафаси минтақага март ойи учун хос бўлмаган аномал иссиқлик кириб келиши мумкинлигини айтган эдингиз, прогнозлар ўзини оқлаяпти. Ҳозир қандай прогнозлар?

Дарҳақиқат, ўтган дастурда айтганимиздек, 17-18 мартдан республикага +30 даражали иссиқ тўлқин кириб келиши ва бу Наврўз байрами арафасида минтақани қиздириб юборишини таъкидлаган эдик. Биз ҳозир шу жуда юқори иссиқлик қаршисидамиз. Хорижий об-ҳаво прогноз моделлари 22 март соат 17.00 да воҳа, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилояти ҳатто пойтахтда +32 даражагача иссиқ ҳарорат бўлишини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, 22 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Устюрт ва Орол денгизи атрофида ҳарорат нол даражагача пасайиб кетиши ҳам бор гап. Бу минтақага аста-секин совуқ ҳаво оқими кириб келаётганидан далолатдир.

Кейинроқ республиканинг катта қисмида ҳарорат нол даражагача пасайиб кетиши мумкинми?

Республиканинг катта қисмида бундай кутилма ҳозирча йўқ. Аммо нам ҳаво оқимлари ўтиб кетганидан кейин шимолда 23 мартдан сўнг бошқа ҳудудларда 24 мартдан ҳароратнинг сезиларли пасайиб кетиши прогноз қилинмоқда. 25-27 март кунлари республиканинг катта қисми, хусусан катта экин майдонларида кундузги ҳарорат +10...+15 даража, тунги ҳарорат +1...+6 даражагача пасайиши тахмин қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, март ойининг сўнгги ҳафтаси ўрталарида ҳарорат Наврўз байрами арафасидагига нисбатан 10-15 даража пасайишини таъкидлаб ўтиш мумкин.

Ҳароратнинг кескин пасайишидан олдин минтақага яхшигина намгарчиликни келтирувчи оқимлар кириб келади деяпсиз. Улар қачон бизга таъсир кўрсатади?

Дарҳақиқат, баҳорги, айниқса, март ойларида бир исиб бериш ортидан, ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши азалдан кўп кузатилган. Ва бу ҳолатдан олдин ўтмишда бир яхшигина ёғингарчиликлар ҳам кузатилган. Хусусан, бу сафарги жараён ҳам Ўзбекистонга яхшигина ёғингарчилик улашиши ойдинлашмоқда. Масалан, Каспий денгизида шаклланган нам ҳаво оқимларида аввалига 22 март куни шимолга, 23-24 март куни республиканинг бошқа вилоятларига турли миқдорда ёғингарчиликни тақдим этиши мумкин.

Сиз тақдим этаётган картадаги бинафшарангли ҳудудларда ёмғир қорга айланади деган тасаввур борми?

Йўқ, бу ёғингарчиликнинг жадаллиги юқори ҳудудлар бўлиб, ушбу ҳудудларда бошқа жойларга нисбатан кўпроқ ёғин тушишини англатади. Худди шундай ҳудудлар 23-24 март кунлари аввалига Бухоро, Самарқанд, Қашқадарёнинг айрим туманларида, кейинроқ Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятида кузатилиши тахмин қилинган.

Сиз айтаётган ёғинли даврдан сўнг республиканинг қайси ҳудудларида совуқ уриши ёки қор ёғиши мумкин?

Одатда, ёғингарчиликлардан сўнг антициклон жараёнида ҳарорат кескин пасаяди. Ҳароратнинг нолга айланиш ҳолати республика бўйлаб жуда кам ҳудудларда кузатилади. Айни шу ҳудудларда ёмғирнинг сўнгги босқичида ёмғирнинг қорга айланиб кетиши кутилмалари бор. Тупроқ ва ҳароратнинг ноль даражага айланиши тоғ этакларида, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида кузатилиши мумкин.

Суҳбатдош – Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов

Мавзуга оид