Жаҳон | 10:41
1372
3 дақиқада ўқилади

Британия Россиянинг 30 млрд еврога яқин активларини музлатиб қўйди

Буюк Британия Молия вазирлиги Лондон ва унинг иттифоқчилари Украинадаги уруш бошланганидан бери «Россия дуч келган энг қаттиқ санкцияларни» жорий қилганини билдирди.

Фото: REUTERS

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери Буюк Британия Россиянинг умумий қиймати 25 миллиард фунт стерлингдан (деярли 30 миллиард евро) ортиқ маблағларини музлатиб қўйди. Буни 21 март, жума куни Буюк Британия Молия вазирлигининг Молиявий санкцияларни қўллаш бошқармаси (Office of Financial Sanctions Implementation, OFSI) эълон қилган маълумотлар тасдиқлайди.

Идоранинг таъкидлашича, Лондон ва унинг иттифоқчилари Москвага нисбатан «Россия дуч келган энг қаттиқ санкциялар»ни жорий қилган. OFSI ҳисоб-китобларига кўра, натижада Россия 2022 йил февралидан бери 400 миллиард доллардан (475 миллиард евродан ортиқ) йўқотган, бу Россиянинг тўрт йиллик ҳарбий харажатларига тенг.

«Россиянинг умумий фискал позицияси заифлашди ва федерал бюджет камида 2026 йилга қадар камомадда қолиши кутилмоқда», дейилади вазирлик матбуот релизида. «Рубл сезиларли даражада қадрсизланди ва Россияда малакали ишчилар етишмаяпти, бу эса иқтисодиётга янада кўпроқ юк бўлиб тушмоқда. Инфляция ошмоқда, унинг суръати мақсадли кўрсаткичлардан юқори, катта ставкалар ва иқтисодий яккаланиш эса кредитларни қимматлаштирди. Санкциялар туфайли Россия ҳарбийлари муҳим таъминот учун Шимолий Корея ва Эрон каби давлатларга мурожаат қилишга мажбур бўлди».

«Биз Россиянинг Украинага ваҳшийларча бостириб киришига кенгроқ жавоб чораси сифатида молиявий санкцияларимизни қатъий бажаришда давом этамиз», деди Буюк Британия молия вазири Эмма Рейнолдс.

Лондон миллиардер Фарҳод Аҳмедовга нисбатан санкцияларни бекор қилди

Лондон россиялик миллиардер ва газ қазиб олувчи "Нортгаз" компаниясининг собиқ эгаси Фарҳод Аҳмедовга нисбатан санкцияларни бекор қилди. Бу ҳақда 19 март, чоршанба куни Буюк Британия Молия вазирлигининг Молиявий санкцияларни қўллаш бошқармаси (OFSI) маълум қилди.

Аҳмедовнинг исми «жамланган рўйхат»дан ўчирилди ва тадбиркорнинг ўзига энди активлари музлатиш ёки траст секторида нисбатан санкциялар қўлланмайди, дейилади хабарномада.

Лондон Россиянинг Украинадаги уруши фонида 2022 йил 13 апрелда тадбиркорга нисбатан чекловлар жорий қилган.

Мавзуга оид