Жаҳон | 15:00 / 23.03.2025
14894
7 дақиқада ўқилади

Урушни тиклаган Нетаняҳу, Путинга гапи ўтмаётган Трамп ва қамоққа олинган Имомўғли — геосиёсий ҳафта таҳлили

Исроил Трампнинг рухсати билан сулҳни тўхтатиб, Ғазодаги қирғинини қайтадан бошлади. Путинга яна қўнғироқ қилган Америка президенти урушни 100 кунда тугатолмаслиги аниқ бўлди. Имомали Раҳмон Москвага борди, РФ Тожикистонда ҳам АЭС қурмоқчи. Ўзбекистон эса АЭС қурилишига Франция компанияларини ҳам жалб этиш ниятида. Туркияда мухолифат лидерининг қамалиши ортидан намойишлар бошланди. Жорий ҳафта мавзулари муҳокамаси – Kun.uz’нинг жонли эфирдаги «Геосиёсат» дастурида.

Ғазодаги сулҳ нега доимий тинчлик келишувигача бормади?

— Сиёсатшунос Шавкат Икромов: Ғазода тинчлик сулҳи имзоланаётган вақтда бу уч босқичли сулҳ сифатида кўрилган эди. Ушбу биринчи босқичи имзоланганда жуда кўп мавҳумликлар мавжуд эди. Халқаро кузатувчилар, экспертлар бу сулҳнинг кейинги босқичга ўтиш эҳтимоли жуда паст эканлигини айтишганди. Тинчлик доимий бўлмайди ва кейинги босқичда яна конфликт қайта бош кўтариши мумкин деган хулосалар берилди. Афсуски, бу прогнозлар ўзининг ижобатини топди, тинчлик барқарор бўлмади.

Бу ерда аввалбошдан тинчлик шартномаси жуда заиф эди. Ушбу заифлик ва ўртадаги узилишлар сабаб яна Ғазода Исроилнинг оммавий равишдаги қирғини давом этди.

Умуман олганда, Исроил билан Фаластин ўртасидаги тарихни кузатадиган бўлсак, одатда Рамазон ойларида Исроил томонидан ҳужумлар ҳар доим авжига чиқади. Рамазоннинг сўнгги кунларида бу ҳужумлар янада шиддат билан амалга оширилади. Ўтган йили ҳам, бундан олдинги йилларда ҳам бу нарсанинг биз гувоҳи бўлганмиз.

Ҳозирги вақтга келиб, нега яна уруш ҳаракатлари бошланди, томонлар нима хоҳлаяпти деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин: Биринчидан, 2022 йил октябрдан бери айтишимиз мумкинки, Исроил ҳозир энг яхши вазиятда турибди. Чунки Трамп маъмурияти Исроилга ҳеч қандай чекловлар ҳақида гапирмаяпти. Байден маъмурияти эса, ҳарҳолда, Исроилни маълум бир чекловларга риоя қилишни, тинч аҳолига нисбатан ўқ отишни қисқартириш ёки тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича маълум бир босим ўтказарди. Вақти-вақти билан жиддий чоралар кўриб, қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиб турарди. Лекин ҳозир Исроилда бундай чекловлар йўқ.

Иккинчидан, Исроилнинг ўзидаги ички вазият ҳам ҳозир нисбатан барқарорлашган. Барқарорлашганини шунда кўришимиз мумкинки, ўта ўнг кучлар, яъни Бинямин Нетаняҳу атрофида турган ва Ғазода сулҳ имзолангандан кейин ундан узоқлашган, келишувдан норози бўлган хавфсизлик вазири кабилар ҳозир яна қайтиб келиб, унинг атрофида бирлашган.

Нетаняҳу ҳам, Исроил уруш ҳукумати ҳам ҳозир ҳар доимгидан кўра кучлироқ. Улар ҳужум қилиш имкониятига эга ва улар аввалги мотивларни яна қайтаришни бошлаган, яъни «Ҳамас шартнома шартларини бузди», «асирларни охирига қадар қайтармади» ва бошқа шартларни ҳам бажармади, деган важларни айтяпти.

Лекин бунга халқаро ҳамжамият, хусусан Трамп ҳам бироз шубҳа билан қаради, яъни кўринишдан Ҳамас асирларни қайтаришга амал қилгандек, буни амалга оширмаган бўлса-да, лекин ҳозирги бундай оммавий қирғин учун сабаб бўладиган ҳолат йўқ деб ҳисобланяпти.

Халқаро вазият ҳам ҳозир Исроил фойдасига ишлаяпти. Негаки, Трамп маъмурияти Фаластинни ташқарида қўллаб-қувватлаётган, хусусан, АҚШдаги Фаластин тарафдорлари намойишларига имкон берган университетларни молиявий ёрдамни чеклаб қўйиш билан огоҳлантирди ва университетлар керакли чораларни кўришни бошлади.

Шунингдек, Европада ҳам фаластинликлар ҳақида гапираётганлар камаймоқда, чунки уларнинг асосий эътибори Россиядан келаётган хавфга қаратилган.

Ҳамаснинг ўзида ҳам бўлиниш, бошбошдоқлик кузатилмоқда. Унга ташқаридан ёрдам бўлмаяпти, Эрон прокси урушлардан ўзини тиймоқда, «Ҳизбуллоҳ»нинг ўзи эса жуда заиф аҳволда.

Исроил томони бераётган маълумотларда Ҳамаснинг 20 мингга яқин аскари йўқ қилингани айтилади.

Шу туфайли, афсуски, Ғазо ҳозирда ҳимоясиз ҳолатда. Ғазода тинч аҳоли уйларига қайтиши ҳам тўхтаб қолди.

— Сулҳ узайтирилишига асосий тўсиқ нима деб ўйлайсиз?

Трамп маъмурияти Россия билан келишамиз, Украинадаги урушни тугатамиз деб бошлаганди фаолиятини. Ғазо билан ҳам шундай бўлди. Сулҳ тузилганида кўпчилик экспертлар бу вақтинчалик тинчлантириб туриш учун сиёсий риторикага ўхшаш нарса экани, чунки шартлар икки томонни ҳам қониқтирмаслигини айтишганди.

Нетаняҳунинг ўзини, унинг урушга муносабатини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, унинг аввалбошдан бўлган мотиви гаровдагиларни озод қилиш эди. Мана, асирларнинг катта қисми қайтариб берилди. Лекин энди шундай хулоса қилишимиз мумкинки, Бинямин Нетаняҳунинг бу мотиви ёлғон бўлган, у ҳеч қачон гаровдагилар учун урушмаган, унинг мақсади Ғазо ёрларини ўзлаштириш бўлган. Бугунга келиб у бу ҳақда очиқ гапиришни бошлади. Фаластин томонига ҳам, халқаро ҳамжамиятга ҳам сигналлар беряптики, Ғазонинг маълум қисми Исроилга қўшиб олинади, унгача эса ҳар қандай шартномалар ёлғон бўлиб чиқади ва шундай урушлар давом этаверади.

— АҚШ-Европа муносабатлари совуқлашаётган фонда Брюсселнинг Анқара томон мўлжал олиши, лекин Евроиттифоққа Туркияни расмий аъзо сифатида қабул қилолмаслик сабаблари нимада?

— Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов: Агар Туркия Европа Иттифоқига қўшиладиган бўлса, Ғарб цивилизацияси тўлиқ ўзгариб кетиши мумкин. Европа Иттифоқида бир қанча муҳим давлат органлари бор. Шулардан биттаси Европа парламенти.

Европа парламентидаги депутатлик ўринлари аҳоли сонига қараб берилади. Ҳозир энг катта фракция бу Германия фракцияси, чунки Германияда 83 миллион аҳоли бор. Иккинчи катта фракция бу Франция. Агар Туркия ташкилотга кирадиган бўлса, энг катта фракция Туркияга тўғри келади, чунки Туркиянинг расмий аҳолиси 85 миллиондан ошади, бу Германияникидан кўп дегани. Бу биринчиси. Яъни Туркия фракцияси Европарламентдаги энг каттаси бўлиб қолади.

Иккинчиси, шу фракция ичкарисидаги Адолат ва тараққиёт партияси. Бу исломий партия. Яъни демократик қадриятлар билан исломий қадриятлар уйғунлашган. Худди Германиядаги ХДС каби. Эрдўғаннинг мафкураси шундай, лекин у радикал исломчи эмас, у либерал ўйин қоидаларини қабул қилган исломчи. 

Туркияда Эрдўған ҳокимиятга келгач, диний қатламга эркинлик берди, лекин агностикларнинг эркинлигини олиб қўя олмайди, истаса ҳам, у ерда озми-кўпми ҳокимият бўлиниши бор.

Агар Туркия Евроиттифоққа кирадиган бўлса, унинг фракциясининг ярми исломий партия бўлади. Бу эса Европадаги ички сиёсатни ҳам ўзгартиради.

  • Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид