Жаҳон | 13:12 / 25.03.2025
19557
5 дақиқада ўқилади

Ўсишдан тўхташи мумкин — мутахассис болаларда уйқу етишмаслиги оқибатларидан огоҳлантирди

Болалар учун нафақат етарлича ухлаш, балки тўғри тартибда ухлаш ниҳоятда муҳим. Чунки ўсиш гормони соат 23:00 дан 01:00 гача максимал концентрацияда ишлаб чиқарилади.

Фото: Shutterstock

Тўлақонли уйқу соғлиқ ва организмнинг нормал ишлаши учун жуда муҳим, айниқса болаларда. Россиялик болалар эндокринологи, тиббиёт фанлари номзоди Анастасия Синицина уйқу етишмовчилигининг иммунитет, вазн, кайфият ва когнитив функцияларга салбий таъсири ҳақида маълум қилди.

“Яхши ухламаслик турли ҳамроҳ касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Уйқунинг бузилиши ҳиссий ҳолатнинг издан чиқишига, хотира ва диққатни жамлаш қобилиятининг пасайишига, реакция тезлигининг сусайишига, жинсий майл камайишига ва эркаклик қувватининг йўқолишига олиб келади. Уйқу уйғоқлик ва фаоллик пайтида сарфланадиган энергия ва кучимизнинг ўрнини тўлдиришга ёрдам беради. Фақат уйқудан кейингина ўзимизни тўлиқ дам олгандек ҳис қиламиз. У нафақат ҳаётнинг давомийлигини, балки унинг сифатини ҳам таъминлайди”, — деб огоҳлантирди мутахассис.

Унинг айтишича, уйқу муаммоси нафақат тиббий, балки ижтимоий жиҳатларни ҳам ўз ичига олади. Бу жиҳатларнинг аҳамияти, айниқса ҳозирги даврда бебаҳо. Узоқ вақт етарлича ухламаслик ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатиши исботланган: юмор туйғуси йўқолади, асабийлашиш, одамовилик ва бир хил муаммоларга ўралашиб қолиш ҳолатлари пайдо бўлади.

Атиги 4 соатлик уйқунинг йўқотилиши организмнинг ташқи таъсирларга реакцияси тезлигини 45 фоизга пасайтиради. Тўлақонли уйқу болаларда диққат етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми белгиларини камайтириб, уларнинг хулқ-атворини яхшилаши мумкин. Қўшимча 20 дақиқалик уйқу эса боланинг мактабдаги ўзлаштириш даражасини оширади.

“1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар суткасига камида 11 соат, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлганлар суткасига камида 10 соат, 6 ёшдан 13 ёшгача бўлганлар суткасига камида 9 соат, 13 ёшдан 17 ёшгача бўлганлар эса суткасига камида 8 соат ухлаши кераклиги исботланган”, — дейди педиатр.

Унинг таъкидлашича, уйқу маълум босқичларга — тез ва секин уйқу фазаларига бўлинади. Секин фаза ўз навбатида учта алоҳида босқичдан иборат. Тун давомида инсон тез ва секин фазаларнинг барча босқичларини босиб ўтади, сўнгра уйқу цикли яна қайтадан бошланади. Тўлиқ цикл одатда икки соат атрофида давом этади. Тун бўйи инсон 4-6 та циклни бошдан кечиради.

Педиатрия ва болалар эндокринологияси нуқтаи назаридан секин уйқунинг учинчи босқичи энг муҳим саналади, чунки айнан шу пайтда бола организмида тўғри ўсиш ва ривожланиш учун зарур бўлган гормонлар ишлаб чиқарилади.

Биринчи навбатда — ўсиш гормони. Ўсиш гормони (соматотропин) боланинг ўсиши ва ривожланишига кўп қиррали таъсир кўрсатади:

·        гормон бир текисда ўсишга ёрдам беради,

·        мушаклар шаклланишини тезлаштиради ва тўқималарнинг парчаланишини секинлаштиради.

·        оқсил синтезини кучайтириб, унинг парчаланишини тўхтатади.

·        тери остида ёғ тўпланишини камайтиради, ёғ парчаланишини тезлаштиради ва мушак массасининг ёғ массасига нисбатини оширади.

·        углевод алмашинувига таъсир кўрсатади, суяк тўқимасига кальцийнинг сўрилишини кучайтиради.

Шифокорнинг айтишича, бу борада бир муаммо бор. Ўсиш гормони соат 23:00 дан 01:00 гача максимал концентрацияда ишлаб чиқарилади. Бола соат 22:00 дан кейин ухлашга ётса, унда етарлича соматотропин ишлаб чиқарилмаслиги мумкин, чунки бу орада керакли уйқу фазасига ўтилмай қолади. Қайд этиш керакки, ўсиш гормони жуда “инжиқ”: у уйқудан олдин овқатланишни ёқтирмайди (энг яхшиси уйқудан 2-3 соат олдин овқатланиш). Соат 18:00 дан кейин рационда тез ҳазм бўладиган углеводлар (конфет, печенье, пирожний, шакар ва ҳоказо) бўлса, ушбу гормон миқдори камаяди.

“Шунинг учун, фарзандингиз вазн орттиришни бошласа, тез-тез касал бўлса, ўсишдан тўхтаса ёки бир йил ичида ўсиш суръати секинлашса, ўзлаштиришида пасайиш кузатилса, биринчи навбатда боланинг кун тартибини тартибга солинг. Айниқса, уйқудан 2 соат олдин барча гаджетлар, телефонлар, телевизорларни олиб қўйинг, чунки булар уйқу олдидан асаб тизимини қўзғатади ва уйқуга кетиш жараёнини издан чиқаради. Шунингдек, патологик жараёнларни ўз вақтида бартараф этиш учун, албатта, болалар эндокринологига мурожаат қилинг. Тез уйқу фазасида бола энг чуқур уйқуга кетади”, — деб таъкидлади мутахассис.

Агар бола “уйқусида ойпарастлик қилса” ёки тез-тез қўрқинчли тушлар кўрса, уйқусида бақирса, бу уйқунинг тез фазаси бузилганидан далолат беради. Бундай ҳолатларда, албатта, неврологга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Мавзуга оид