Ўзбекистон Эрон билан ўйинда муҳим очкони қўлга киритди
Энди гуруҳдаги вазият КХДРга боғлиқ бўлиб қолмоқда, агар шимолий кореяликлар БААни мағлуб этолса, Ўзбекистон бугуннинг ўзида мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Агар амирликлар бугун очко қўлга киритса ҳам, кейинги турда Кападзе шогирдларини ўзаро ўйинда дуранг қониқтиради.

ЖЧ-2026 саралаши. 8-тур
Эрон – Ўзбекистон – 2:2
Голлар: Меҳди Торемий 51, 83 – Ҳожимат Эркинов 16, Аббосбек Файзуллаев 53.
Эрон: 1.Алиризо Бейронванд, 2.Солеҳ Ҳардани, 4.Шожаи Халилзода, 5.Милод Муҳаммадий, 6.Саид Иззатуллоҳий, 7.Алиризо Жаҳонбаҳш, 9.Меҳди Торемий, 10.Меҳди Ғойеди, 13.Ҳусайн Каъноний, 14.Саман Қуддус, 20.Сардор Озмун.
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 15.Умар Эшмуродов, 5.Рустам Ашурматов, 4.Фаррух Сайфиев, 9.Одил Ҳамробеков (17.Абдурауф Бўриев, 85), 7.Отабек Шукуров, 22.Аббосбек Файзуллаев, 20.Ҳожимат Эркинов (11.Русланбек Жиянов, 65), 14.Элдор Шомуродов.
ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 8-тури доирасидаги марказий ўйинда Ўзбекистон миллий жамоаси Эронда икки марта ҳисобда олдинда бориб, ғалабани сақлай олмади.
Теҳрондаги «Озодий» стадионида ўтган учрашувнинг 16-дақиқасида Ҳожимат Эркинов Фаррух Сайфиевнинг узатмасидан кейин ҳисобни очди – 1:0.
Аммо иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган мезбонлар 51-дақиқада Меҳди Торимийнинг кучли зарбаси билан ҳисобни тенглаштиришди – 1:1.
Бир дақиқа ўтиб Аббосбек Файзуллаев қанотдан жарима майдонига оширган тўп ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўрига бориб тушди – 2:1.
Аммо ғалабали ҳисобни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. 83-дақиқада Торимий ҳимоядаги палапартишликдан фойдаланиб, дублга эришиб, Эрон учун муҳим бўлган гол муаллифига айланди – 2:2.
Шу тариқа, форслар ўзига керак бўлган дуранг эвазига очколари сонини 20 тага етказиб, муддатдан аввал ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди.
Ўзбекистон эса 17 очко билан 2-ўринда бормоқда.
Гуруҳда 8-турнинг учинчи учрашувида Саудия Арабистонидаги бетараф майдонда КХДР БААни қабул қилиб, сўнгги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Агар бу ўйинда шимолий кореяликлар ғалаба қозонганида, бу Ўзбекистон миллий жамоасини автоматик равишда мундиалга олиб чиққан бўларди.
Энди эса БАА очколари сонини 13 тага етказди ва Ўзбекистонни тўрт очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Кейинги турда, 5 июн кун амирликлар ўз майдонида Ўзбекистонни қабул қилади. Бу ўйиндаги ғалаба ёки дуранг натижа Ўзбекистонга мундиал йўлланмасини кафолатлайди, Темур Кападзе жамоаси сафарда мағлуб бўлса ҳам, барчасини сўнгги турда, Тошкентда Қатарга қарши ўйинда тузатиш мумкин – бу ўйинда Ўзбекистонга фақат ғалаба керак бўлади.