Жаҳон | 23:11 / 25.03.2025
2529
2 дақиқада ўқилади

Россияликларнинг умр кўриш давомийлиги ҳақидаги маълумотлар махфийлаштирилди

Россия давлат статистика хизмати – Росстат 2024 йил учун россияликларнинг умр кўриш давомийлиги бўйича батафсил маълумотларни эълон қилмасликка қарор қилди. Ушбу кўрсаткич пандемиядан кейин илк бор кескин пасайган, бу ҳолат Украинадаги кўп сонли ҳарбий йўқотишлар фонида рўй берди.

Фото: nao24.ru

Вазирликнинг расмий сайтида фақат бутун мамлакат бўйича кутилган умумий умр давомийлиги эълон қилинди. Ҳолбуки, областлар кесимидаги, шунингдек, эркаклар ва аёллар бўйича алоҳида статистика эълон қилинмади. Бу маълумотлар фронт учун фаол жалб этилган ҳудудлардаги ёш эркаклар ўртасидаги ўлим ҳолатларини кўрсатиб бериши мумкин эди.

«Если быть точным» лойиҳасига берган жавобида Росстат 2024 йил учун ушбу маълумотларни эълон қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Аммо ушбу қарорнинг сабаблари ёки маълумотлар кейинчалик эълон қилиниши ҳақида айтилмаган.

Росстат маълумотларига кўра, ўтган йили россияликларнинг умумий умр давомийлиги 7 ойга қисқариб, 72,84 йилни ташкил этган. Бу пандемия давридан бери илк марта қайд этилган пасайишдир. Агар пандемияни инобатга олинма, бу 2000 йиллар бошидан бери энг катта пасайиш ҳисобланади.

2024 йил – Россиянинг Украинадаги ҳарбий йўқотишлари статистикага сезиларли таъсир кўрсатган илк йил бўлди. Демограф Алексей Ракшанинг таъкидлашича, фронтда ҳалок бўлганларнинг маълумотлари Росстатга, агар умуман киритилса, тахминан 1,5 йил кечиктириб киритилади. Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда расмий ўлим ҳолатлари 2023 йилга нисбатан анча юқори бўлган. Росстат ҳисоботларига кўра, ўтган йил мамлакатда 1,816 млн киши вафот этган, бу 2023 йилга нисбатан 3,3 фоизга кўп. Шу билан бирга, туғилиш даражаси сўнгги 25 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди – атиги 1,222 млн бола туғилган. Табиий ўсишдаги йўқотиш – 495 минг кишини ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўп.

Британия разведкаси маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи охирига келиб, Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари 900 минг кишига етган, шундан 200–250 минг нафари ҳалок бўлган. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил феврал ойигача Россия армияси 172 минг ҳарбийни йўқотган, 611 минг киши жароҳатланган. Экспертларнинг таъкидлашича, уларнинг қарийб 400 минг нафари ногиронликка учраган.

Мавзуга оид