Сурияда интернет бутунлай узилиб қолди
25 март куни тонгида Сурия ҳудудининг барчасида интернет алоқаси узилгани ҳақида NetBlocks халқаро интернет мониторинг хизмати хабар берди.

Фото: AP
«Олинган тезкор маълумотларга кўра, Сурия бўйлаб умуммиллий интернет ўчиши қайд этилди», — дейилади баёнотда. Хизматга кўра, бундан аввал Суриянинг бир нечта шаҳрида телекоммуникация тизимларида узилишлар қайд этилган, аммо уларнинг аниқ қайси шаҳарлар экани очиқланмаган.
Бундан аввал, январ ойида ҳам NetBlocks Сурияда бир неча соатлик интернет узилишларини қайд этганди. Ўшанда мамлакатнинг Алоқа вазирлиги бу ҳолатни «Башар Асад режими қолдиқлари томонидан содир этилган саботаж» билан изоҳлаган. Бу галги интернет ўчишига Сурия ҳукумати ҳали расмий изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, Суриянинг собиқ президенти Башар Асад 2024 йил декабри бошида қуролли мухолифат Дамашқни эгаллаганидан сўнг мамлакатни тарк этган эди.
2025 йил март ойида Латақия, Тартус, Ҳама ва Ҳумс вилоятида Асад тарафдорлари бўлган алавийлар билан янги ҳокимият ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланган. Жанглар оқибатида 1,3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, шуларнинг 1 мингдан зиёди — тинч аҳоли вакиллари. 10 март куни хавфсизлик кучларининг рейдлари якунланган.
Сурия Мудофаа вазирлиги вакили Ҳасан Абдулғанийнинг сўзларига кўра, «ҳукумат хавфсизлик кучлари Башар Асад режими қолдиқларини нейтраллаштиришга ва вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлган».
Шундан сўнг янги Сурия ҳукумати Россияга мурожаат қилиб, паноҳ топган Асадни экстрадиция қилишни талаб қилди. Al Arabiya ва Al Hadath манбаларининг маълум қилишича, республика вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаръа Асад устидан суд ўтказиш мақсадида унинг қайтарилишини талаб қилмоқда. Аммо Россия ҳозирча ушбу талабни қондиришдан бош тортмоқда. Расмий Москва бу масала «икки давлат ўртасидаги муносабатларни тиклашга тўсқинлик қилувчи мураккаб муаммо эмас», деб ҳисобламоқда.
Мавзуга оид

21:56 / 25.03.2025
АҚШ Сурияга санкцияларни юмшатиш учун шартлар қўйди

20:23 / 23.03.2025
Улар ниҳоят эркин, аммо улкан тўлов тўлашди — Асад ағдарилгандан сўнг Сурия қандай ҳаёт кечирмоқда?

18:34 / 22.03.2025
Суриянинг янги расмийлари Россиядан Башар Асадни топширишни сўради

12:43 / 22.03.2025