Ўзбекистон | 17:44 / 25.03.2025
16516
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда жорий Рамазон ойи 29 кунда якунланиши кутиляпти. 30 март Ҳайит бўлиши мумкин

Тожикистонда Дин ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси, катта эҳтимол билан мамлакатда Рамазон ойи 29 кун давом этиши ҳамда 30 март куни Ҳайит нишонланишини билдирди. Шунингдек, Қирғизистон ва Қозоғистон диний идоралари ҳам Рамазон ҳайити 30 мартга тўғри келишини таъкидлаган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Kun.uz'га маълум қилишича, мамлакатда бу масалада кузатиш ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Фото: Султан Досалиев / Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Тожикистонда катта эҳтимол билан Рамазон ойи 29 кун давом этади ҳамда 30 март куни Рамазон ҳайити нишонланади. Бу ҳақда Тожикистоннинг Дин, анъаналар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси хабар берган.

«Тожикистон уламолари кенгаши 27 март куни якуний қарор чиқариш учун мажлис чақиради. Жорий йилда Ражаб ва Шаъбон ойлари 30 кунга чўзилгани сабабли юқори эҳтимол билан Рамазон ойи 29 кун давом этади. Минтақадаги барча давлатлар, шунингдек, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмонлар давлатлар ҳам ҳозирча шу позицияда», — дея ҳукумат расмийсининг сўзларини келтирмоқда AsiaPlus нашри.

Шунингдек, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси ҳам Рамазон ойи 29 мартга қадар давом этишини, 30 мартда Ҳайит айёми нишонланишини эълон қилган.

Қозоғистонда 27 феврал куни Рамазон ойининг бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда ушбу мамлакат диний идораси вакиллари 30 март куни Ҳайит намози ўқилишини эълон қилган.

«...Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Шариат ва фатво қўмитаси Туркий давлатлар ташкилоти муфтийлар кенгаши билан биргаликда муқаддас ойнинг бошланиш санасини белгилади. Иншааллоҳ, 2025 йилда Рамазон ойи 1 мартда бошланиб, 29 мартда тугайди. Қадр кечаси 26 мартдан 27 мартга ўтар кечасида киради, Рамазон ҳайити эса 30 март куни нишонланади»,деган Қозоғистон мусулмонлари идораси вакили.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонда бу масалада кузатиш ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.

«Мазкур масалада кузатиш, ўрганиш ва тадқиқ ишлари давом этмоқда. Яқин кунларда хулосалар тақдим этилади, хабар қиламиз», дейилади Мусулмонлар идораси тақдим қилган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил Ўзбекистонда муборак Рамазон ойи, Мусулмонлар идораси тақдим этган ахборотга кўра 1 мартдан бошланди.

Жорий йил Рамазонда Ўзбекистондаги 2100 дан ортиқ масжидда таровиҳ намози, уларнинг 1740 дан ортиғида эса Қуръони Карим тўлиқ хатм қилинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2025 йил Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдорини эълон қилди.  

Мавзуга оид