Жаҳон | 19:35 / 25.03.2025
2468
5 дақиқада ўқилади

Трамп маъмуриятидагилар махфий ҳарбий маълумотлар сизиб кетишига йўл қўйиб берди

Доналд Трамп маъмурияти ўта қўпол хатога йўл қўйди. Президент жамоасидаги асосий арбоблар АҚШнинг Яманга зарбаларини муҳокама қиларкан, Signal тижорий мессенжерида махфий чат очиб, унга тасодифан The Atlantic нашри муҳарририни ҳам қўшиб қўйишди. Натижада АҚШнинг Ямандаги ҳусийларга қарши операцияси махфий режаси смс тарзида муҳаррирга ҳам жўнатилди. Бу ҳақида қатор Америка ва Ғарб нашрлари хабар қилмоқда. Оқибатда эса ҳарбий маълумотлар сизиб кетишига йўл қўйилган.

Маълум бўлишича, Трамп командасининг асосий аъзолари – вице-президент Ж.Д. Вэнс, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио ҳамда миллий разведка директори Тулси Габбард, Трампнинг маслаҳатчиси Стивен Миллер, президент вакили Стив Уиткофф ва жами 18 киши Яманга зарба берилишидан олдин махфий режани муҳокама қиларкан, бу мулоқотда жиддий хато билан журналист ҳам иштирок этди.

The Atlantic нашри муҳаррири Жеффри Голдберг 14 март куни Signal мессенжеридаги «Houthi PC small group» номли гуруҳга қўшилган. Бу гуруҳни президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц яратгани тахмин қилинмоқда. Чатда Яманга зарба вақти ва кетма-кетлиги, қўлланадиган қурол турлари, эҳтимолий сиёсий оқибатлар, Европанинг реакцияси, операцияни кечиктириш тарафдорлари ва қарши фикрлар баён қилинган.

15 март куни соат 11:44 да Пит Ҳегсет ҳужумнинг батафсил режасини гуруҳга юборади. Орадан икки соат ҳам ўтмасдан — 13:45 да Яман пойтахти Санода кучли портлашлар кузатилади. Бу эса чатдаги ёзишмаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди.

Операция якунланганидан сўнг гуруҳда табриклар алмашилган, ҳужум натижалари муҳокама қилинган, ҳусийчилар етакчиларидан бири нобуд бўлган бўлиши мумкинлиги ва зарбанинг савдо алоқаларига таъсири кўриб чиқилган.

Журналист ушбу воқеалардан сўнг гуруҳни тарк этган ва ундан на изоҳ, на сўров олинмаган.

Миллий хавфсизлик кенгаши масалага муносабат билдираркан, журналистнинг гуруҳга қўшилиб қолиши ҳарбий режага зарар келтирмагани айтилади.

“Бу ҳақиқий хабарлашув занжири эди. Журналистнинг қўшилиши тасодиф бўлган. Лекин бу қандай содир бўлганини биз кўриб чиқяпмиз. Ямандаги операция муваффақиятли ўтди, ҳарбийлар учун хавф-хатар юзага келмаган”, -дейди миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Хюз Браян.

Муҳаррир Голдберг ўз аккаунтидан махфий материалларни, мавжуд операцион тафсилотларни олиб ташлаганини билдирди.

Президент Доналд Трамп бу воқеадан бехабарлигини айтди. Оқ уйда бу хусусида ундан журналистлар сўраркан, президент “мен бу воқеадан бехабарман. Чунки The Atlantic нашри мухлиси эмасман”, деган.

Кейинроқ эса Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит мавзуга муносабат билдираркан, президент ўзининг миллий хавфсизлик бўйича жамоасига, жумладан, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтцга ишонч билдиришда давом этаётганини айтди. The Guardian нашрининг ёзишича, АҚШдаги миллий хавфсизлик ва разведка шарҳловчилари, экспертлар давлат махфий ҳарбий режаларининг бундай тижорий чатларда муҳокама қилинишини жиддий танқид остига олишмоқда. Уларнинг наздида бу операцион хавфсизликнинг мисли кўрилмаган бузилиши. Ҳарбий операциялар Signal орқали муҳокама қилингани Шпионаж тўғрисидаги қонунга ва давлат ҳужжатларини сақлаш тартибига ҳам зид бўлиши мумкин. Чунки расмийлар фақат ҳимояланган, махсус давлат каналлари орқали мулоқот қилиши шарт эди.

Воқеадан хабар топган Демократик партия вакили Пат Раян муҳокамада қатнашган Трамп маъмурияти аъзоларини таниб бўлмас даражада аҳмоқлар деб атади. Вакиллар палатасида республикачилар бу қандай содир бўлгани юзасидан эшитув ташкил қилсин, бўлмаса буни ўзим ўтказаман, деган Раян. Миллий хавфсизлик бўйича мавзуларни ёритувчи тажрибали журналист Шейн Ҳаррис эса ўзининг 25 йиллик карерасида бундай воқеага биринчи марта дуч келаётганини ёзди.

Гуруҳга қўшилиб қолган муҳаррир Голдбергнинг айтишича, вице-президент Ж.Д. Вэнс ва Пентагон раҳбари Ҳегсет Европани ёмонлаб, иттифоқни ёмон кўришларини бемалол ёзишган. Пентагон раҳбари Вэнсга Европага бўлган нафратингизга тўлиқ қўшиламан, деб айтган. Яманга зарбалар бошланганидан кейин гуруҳдагилар яхши бошланиш деб ёзишган, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц эса зарбаларга “зўр-зўр” деган стикерни жўнатган. Давлат котиби Марко Рубио эса “good job”, яъни яхши иш деб ёзган, мудофаа вазирини мақтаб қўйган.

The Atlantic’нинг ёзишича. гуруҳ иштирокчилари маълумотларнинг махфийлигини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлса-да, Signal бундай маълумотларни тарқатиш учун рухсат этилган платформа эмас. Автоматик хабар жўнатиш функциясининг мавжудлиги эса давлат архивларини сақлаш қонунлари бузилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Мавзуга оид