Хавер Милей холокостдан кейин Аргентинадан бошпана топган нацистларга оид ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди
Аргентина президенти давлат органлари ихтиёридаги барча ҳужжатларни эълон қилиш бўйича кўрсатма берди. Унинг таъкидлашича, «ушбу маълумотларни яширишга асос йўқ».

Фото: Marcelo Manera
Аргентина президенти Хавер Милей Иккинчи жаҳон урушидан кейин мамлакатдан бошпана топган нацистларга боғлиқ ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди. Бу ҳақда ҳукумат раиси Гилермо Франкос маълум қилди.
Унинг айтишича, ушбу қарор феврал ойида Милей билан учрашган АҚШнинг Республикачилар партияси сенатори Стив Дейнснинг илтимосига жавобан қабул қилинган.
Франкоснинг маълум қилишича, Милей давлат органлари ихтиёридаги барча ҳужжатларни эълон қилиш бўйича кўрсатма берган, чунки «ушбу маълумотларни яширишга асос йўқ». Унинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар эълон қилинмаган ҳужжатлар орасида нацистларнинг молиявий операцияларига оид маълумотлар ҳам мавжуд.
Шу куннинг ўзида президент матбуот котиби Мануэл Адорни 1976-1983 йиллар оралиғидаги сўнгги ҳарбий диктатура даврида қуролли кучларнинг ҳаракатларига доир ҳужжатлар Миллий файллар архивига топширилишини эълон қилди. Адорнига кўра, Давлат разведка котибияти (SIDE) ўз ихтиёридаги барча ҳужжатларни тақдим этади. У шунингдек, ҳукумат сўнгги ҳарбий диктатурага оид архивларни «сиёсий манипуляция учун эмас, балки хотирлаш воситаси сифатида» фойдаланиш ниятида эканини қўшимча қилди.
Феврал охирларида Хавер Милей холокостни ўрганиш билан шуғулланувчи Симон Визентал марказига нацистлар Европадан қочишда фойдаланган «каламуш сўқмоқлари»ни молиялаштиришга оид ҳужжатлардан тўлиқ фойдаланиш имконини беришни ваъда қилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Иккинчи жаҳон урушидан кейин 10 мингга яқин нацист Аргентина ва бошқа давлатларга қочиб кетган. Аргентинадан бошпана топганлар орасида холокост «архитектори» Адолф Эйхман ва Освенцим лагерининг собиқ шифокори Йозеф Менгеле ҳам бўлган.
Мавзуга оид

16:59 / 29.04.2025
Аргентинадан бошпана топган нацистларга оид ҳужжатлар махфийликдан чиқарилди

20:58 / 01.04.2025
Аргентина президенти бизнесменлар билан кечки овқатларда учрашиш учун 20 минг долларгача пул олган — Bloomberg

22:11 / 11.03.2025
Диего Марадонани даволаган шифокорлар судланади

16:48 / 21.02.2025