Ўзбекистон | 20:13 / 26.03.2025
3780
5 дақиқада ўқилади

26 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Йўлдаги «яма»да чўмилгани учун қамалган эркак, жиноят қуроли бўлган «Captiva»нинг сотилиши, қўлга олинган порахўр раҳбар ва Варшавада ўргатилаётган ўзбек тили — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Йўлдаги кўлмакда чўмилган эркак қамалди

Самарқанд вилояти Ургут туманида йўл ўртасидаги кўлмакда чўмилган эркак 10 суткага қамалди.

Мазкур воқеа акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видеода Д. исмли фуқаро йўллардаги чуқурликлар «бассейн»га ўхшаб босиб кетаётгани, бундай чуқурликларда ёмғир ёғиб сув тўпланганда ҳаттоки чўмилиш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, кийимини ечиб, сувга ётиб олган ва сузишга уринган.

Кўп ўтмай узр сўраб видеомурожаатда чиқиш қилган ва бу ишидан афсусдалигини айтган. Бироқ у барибир жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузгани учун маъмурий жазога тортилди.

Суд томонидан у Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик — майда безорилик бўйича айбли деб топилиб, унга 10 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Жиноят қуроли бўлган Captiva аукционда сотилди

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида стадионда одамлар устига ҳайдалган Captiva автомашинаси аукцион орқали 100 млн сўмдан зиёд суммага сотилди. Сотувдан тушган маблағ тўлиқ давлат даромадига ўтказилди.

Автомашина 2024 йил 29 май куни маст ҳолда ҳайдовчи томонидан стадионга ҳайдалган, у ерда одамлар ҳаёти хавф остига қўйилган эди. Кейинчалик суд қарорига кўра, ҳайдовчи 4 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилиши, Captiva эса жиноят қуроли сифатида мусодара қилиниши белгиланган эди.

Мажбурий ижро бюроси томонидан ушбу машина баҳоланиб, 2025 йил 3 март куни ўтказилган аукционда 100 млн 567 минг сўмга сотилди.

Гарчи судда ҳайдовчи қилмиши учун узр сўраб, тавба қилганини айтган, судда даъвогарлар ҳам ундан шикояти йўқлигини билдирган бўлса-да, аммо эркак машинасининг олд қисми билан икки нафар шахсни туртиб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетгани оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.

ФВБ раҳбар ўринбосари қамоққа олинди

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари коррупцияда айбланиб, қамоққа олинди. ДХХ томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида унинг пора олишга бўлган уриниши фош этилди.

Маълумотларга кўра, мансабдор шахс қурилиш лойиҳаларини тасдиқлаш, ёнғинга қарши тизимлар бўйича далолатномаларни имзолаш ва объектларни қабул комиссияси орқали топширишда ижобий хулоса бериш учун систематик равишда пора олган.

Пора орқали ўтказилган объектлар орасида умумий ўрта таълим мактаби ва тиббиёт муассасаси ҳам борлиги қайд этилган.

Айни пайтда унга нисбатан Жиноят кодекси асосида иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Полигонларда экосаноат зоналари ташкил этилади

Ўзбекистонда чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган экосаноат зоналари ташкил этилади.

Президентнинг шу борадаги фармонига кўра, бундай саноат зоналари 30 йил муддатга яратилади.

Ҳужжатга асосан, 2030 йилгача мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқартирилади. Янги чиқиндилар эса полигонларга олиб чиқиш ташлаш йўли билан эмас, қайта ишлаш ёки ёқиш орқали йўқ қилинади. Бу жараёнда циркуляр иқтисодиётга ўтиш устувор вазифа қилиб белгиланган.

2026 йилдан бошлаб чиқинди полигонлари фақат ҳукумат қарори билан ташкил этилади. Шунингдек, Наманган ва Тошкент вилоятларида термик утилизация лойиҳалари учун қарийб 20 гектар суғориладиган ер саноат мақсадларига ўтказилади.

Варшавада ўзбек тили ўргатилади

Полшадаги Варшава университети таълим тизимига ўзбек тилини жорий этиш бўйича келишувга келинди.

Бу ташаббус Ўзбекистон элчихонаси ва университет ҳамкорлигида ўтказилган тарғибот тадбири чоғида билдирилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида таълим ва маданият соҳаларидаги алоқалар муҳокама қилинди. Академик ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, илмий марказлар ўртасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Полша томони ўзбек тилини университет таълим дастурларига жорий этиш таклифини илгари сурди. Музокараларда ушбу ташаббусни амалга ошириш учун малакали ўқитувчиларни жалб қилиш, Erasmus+ доирасида лойиҳалар тайёрлаш ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан меморандум имзолаш режалаштирилди.

 

Мавзуга оид