Жаҳон | 11:51 / 26.03.2025
10145
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги ресторан “классик мусиқа эшитиб” ўсган товуқ гўштини 66 долларга таклиф қилмоқда

Мижозлардан бири кичкина порциядаги таом бу қадар қимматлигига норозилик билдирган, ресторан вакиллари эса таом таркибидаги товуқ “ноодатий шароитда” боқилганини таъкидлаган.

Фото: ctdsb.net

Шанхайдаги ресторанларнинг бирида мижоз товуқ гўшти солинган кичик порцияли таом нархидан ғазабланди. У официантлар билан узоқ тортишди, аммо охир-оқибат 66 доллар тўлашга рози бўлди, деб хабар берди South China Morning Post.

Ресторан вакилларининг тушунтиришича, таом нархи бу қадар қимматлигига сабаб унинг таркибидаги товуқ “ноодатий шароитда” боқилган — гўёки у “классик мусиқа тинглаб, сут ичиб” ўсган.

Бош ошпаз ушбу таом учун ишлатган товуқ кунгабоқар товуқ деб аталувчи ноёб тур саналади. У кўпинча “Мишлен” юлдузига эга ресторанларда пиширилади. Уни император товуғи деб ҳам аташади. Мазкур тур ўзининг мазали таъми ва юмшоқлиги билан ажралиб туради.

Бундай товуқлар кунгабоқар пояси ва гулидан олинган шарбат билан озиқлантирилади. Уларни боқиш жараёнида фермерлар паррандаларга классик мусиқа эшиттиришади.

Ресторандаги эркак буюртма учун тўлов қилди, аммо унинг ғазаби босилмади. Ресторанда унга қисман ёлғон гапиришган, чунки товуқлар ҳеч қачон сут билан боқилмайди, дейилади хабарда.

Аввалроқ журналистлар Хитой ресторанларида енот ва тулки гўшти қўй ва мол гўшти сифатида тортилишини аниқлаганди. Мамлакатда антисанитария шароитида етиштирилган ҳайвонлар танасини сотиш қонун билан тақиқланган, мутахассисларнинг айтишича, уларнинг гўшти истеъмол учун жуда хавфли.

Мавзуга оид