Жамият | 18:19 / 26.03.2025
10211
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Феруза Каримова шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун 41,5 млн сўм тўлайдиган бўлди

Қўшиқчи "Дод дегим келяпти дастингдан" шеърини қўшиқ қилиш учун унинг муаллифи – Маҳлиё Аҳроровадан рухсат олмаган. Аввалроқ хонанда Авазбек Олимов ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун мазкур шоирага товон пули тўлаши белгиланганди.

Хонанда Феруза Каримова шоира Маҳлиё Аҳророванинг “Дод дегим келяпти дастингдан” шеърини рухсатсиз қўшиб қилиб айтган. Шоира уни судга бериб, ютиб чиқди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти маълум қилди.

Суд мажлисида аниқланишича, ижрочи Каримова "Дастингдан" номли қўшиғини ижро этишда шоира Маҳлиё Аҳророванинг "Дод дегим келяпти дастингдан" номли шеърига бўлган муаллифлик ҳуқуқларини бузган.

Суднинг тегишли қарорига мувофиқ, шоира Маҳлиё Аҳророва фойдасига ижрочи Феруза Каримовадан БҲМнинг 100 баробари, яъни 37,5 миллион сўм миқдорида товон пули ва 5 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Олдинроқ Авазбек Олимов ҳам шоира Маҳлиё Аҳророванинг “Гўзал ёрим” шеърини унинг рухсатисиз йиллар давомида “Севар ёрим” номи остида куйлаб келгани учун 170 миллион тўлайдиган бўлганди.

Маҳлиё Аҳророванинг Kun.uz’га маълум қилишича, шоира Олимовдан 5 минг доллар олиб, қолганини ўзаро келишиб олган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонунининг 65-моддасига асосан муаллиф ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини талаб қилишга ҳақли.

Мавзуга оид