Жаҳон | 17:35 / 27.03.2025
2922
2 дақиқада ўқилади

«Озодлик радиоси»ни молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги қарор бекор қилинди

Суд молиялаштиришни тиклаш ҳақида радиостанция фойдасига қарор чиқарди.

Фото: AFP

АҚШ Глобал Медиа агентлиги (USAGM) «Озод Европа»/«Озодлик радиоси»ни молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги аввалги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларидан маълум бўлмоқда.

Аввалроқ, USAGM радиостанцияни молиялаштиришни тўхтатиб қўйган эди. Шундан сўнг, «Озодлик радиоси» судга мурожаат қилди. Суд молиялаштиришни тиклаш ҳақида радиостанция фойдасига қарор чиқарди.

USAGM хабарида айтилишича, у ҳали ҳам грантни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга. Грантнинг қолган қисми 2025 йил 30 сентябргача амал қилади.

«Озодлик радиоси» АҚШ Конгресси томонидан USAGM орқали ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. 14 март куни президент Доналд Трамп еттита федерал агентликни, жумладан USAGM'ни самарали равишда йўқ қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Шунда «Озодлик радиоси» федерал грант тўхтатилгани ҳақида хабар олди. USAGM бош маслаҳатчиси Кери Лейк томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, Трамп маъмурияти радиостанцияга қилинган харажатларни солиқ тўловчилар пулларидан самарасиз фойдаланиш деб ҳисоблайди.

Агентлик «Америка Овози»ни ҳам назорат қилади. 15 март куни радиостанция ходимларига маош тўланадиган таътилга жўнатилгани ҳақида хабар берилган. Шундан бери нашрнинг веб-сайти янгиланмаган.

«Озодлик» радиоси 1953 йилда ташкил қилинган. Бугунги кунда унинг бўлинмалари – радио, интернет сайтлари, телевидениенинг ҳафталик аудиторияси дунёнинг 23 давлатида, жумладан, Россия, Украина, Эрон, Афғонистон, Покистон, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида яшовчи 50 миллион кишига баҳоланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид