Жамият | 16:56 / 27.03.2025
1695
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида болаларни урган тарбиячи ишдан олинди

Камера ёзувлари кўрилганда 25 март куни тарбиячи Р.Г. болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани аниқланган.

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги оилавий боғчада тарбиячи болаларни ургани аниқланди, деб хабар берди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси.

Аниқланишича, ота-оналар муассасадан қайтган фарзанди билан мулоқот давомида тарбиячининг зўравонлик қилаётганини билиб қолган. Ҳолатдан хабардор бўлган ота-оналар 26 март куни муассасага бориб, кузатув камераларидаги ёзувларни кўрсатишни талаб қилган. Камера ёзувлари кўрилганда 25 март куни тарбиячи Р.Г. болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани аниқланган.

Таъкидланишича, муассаса раҳбари тарбиячи Р.Г. билан шартномани бекор қилган. Ота-оналарга бундай нохуш ҳолат такрорланмаслиги ва «уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслик» ҳақида муносабат берган.

Қайд қилинишича, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ташкилотдаги барча ходимлар билан тушунтириш ишлари олиб борган. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берилган. «Зўравонликка қарши» кафолат хати олинган.

Мавзуга оид