Ўзбекистон | 22:34 / 28.03.2025
3185
5 дақиқада ўқилади

28 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Электр ва газ учун 1 ойга сурилган нарх ошиши, президентнинг Олмаотага сафари, Бойсунда яна сизиб чиққан водород сулфид ва «Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раҳбариятига суд ҳукми — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Бойсунда яна газ отилиши юз берди

Сурхондарёдаги Бойсун туманида жойлашган газ конида яна водород сулфидининг отилиши қайд этилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 27 март куни “М-25” газ конидаги 202-сонли қудуқда отилиш назорат остида амалга оширилган ва ҳеч ким жабрланмаган. Табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган.

Ҳодисадан сўнг ҳодиса жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бригадаси ва махсус штаб вакиллари етиб борган. Барча зарур техника ва ускуналар ёрдамида хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябр ойида ушбу кондаги бошқа қудуқда юқори босимли газ сизиб чиқиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, ўн бир нафар киши жароҳатланган эди.

Газ ва электр нархи оширилиши 1 майгача кечиктирилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тарифларни оширишни бир ойга кечиктиришни буюрди.

Энди газ ва электр энергиясининг янги нархлари 1 апрел эмас, 1 майдан бошлаб амалга киритилади.

Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди. Унинг айтишича, давлат раҳбари соҳага оид ишончли таъминот ва оқилона истеъмол масалалари бўйича ҳам алоҳида топшириқлар берган.

Тарифлар босқичма-босқич оширилаётгани маълум. Ўтган йили базавий нархлар кўтарилган ва ижтимоий меъёрлар жорий қилинганди. Яъни 1 майдан бошлаб электр энергияси учун ойига 200 kWhʼгача тариф учун ҳар бир киловатт-соат учун 600 сўм, табиий газ учун эса 100 метр кубгача ҳар бир метр куб учун 1000 сўмдан тўлаш керак бўлади.

Мирзиёевнинг Олмаотага амалий ташрифи

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифига биноан Олмаота шаҳрига амалий ташриф билан боради. Сафар доирасида олий даражадаги норасмий учрашув бўлиб ўтади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, логистика, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари эътибор марказида бўлади.

Шунингдек, 31 март куни президент Мирзиёев Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. У ерда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари уч давлат чегаралари туташган нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаши режалаштирилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раҳбарига 7,5 йил қамоқ

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ собиқ раҳбари Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари Абдужамил Азизовга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд уларни давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа моддалар бўйича айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида 2025 йил 3 февралда ўтказилган очиқ судда жами 21 нафар айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарилди. Жўраев 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди ва 3 йилгача «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида раҳбар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, айбловчиларнинг қилмишлари 24 та жиноий эпизодда акс этган. Улар жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, солиқ тўламаслик, сохта ҳужжат тайёрлаш ва жиноий даромадларни легаллаштириш каби қилмишларда айбдор деб топилган.

Бозорларнинг ҳокимликларга тегишли улуши хусусийлаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 27 март куни ўтказилган йиғилишда бозорларга эгалик қилишда ҳокимликларнинг мажбурий иштироки тўғрисидаги талаб бекор этилиши маълум қилинди. Бу тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратади, дейилди йиғилишда.

Ҳозирги кунда 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоизи маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Янги тартибга кўра, бу мулклар хусусийлаштирилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, кичик ва сотилмай туриб қолган ер участкалари бирлаштирилиб, аукционга чиқарилади. Тошкентда 102 та самарасиз бино ва 97 гектар бўш ер аниқланиб, 60 млрд сўмлик тушум қайд этилди. Эндиликда бу тажриба барча вилоят марказларида жорий этилади.

Мавзуга оид