Жиззахда 4 балиқчи ҳайвонот дунёсига қарийб 1,8 млрд сўм зарар етказди
Балиқчилар Айдаркўлдан ноқонуний равишда саноатда овлаш тақиқланган кичик ҳажмли 980 дона оқсила ва 364 дона қизилкўз балиғини овлаган. Суд уларга озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, ҳайвонот дунёсига етказилган 1 млрд 789 млн сўм зарарни ундиришни белгилади.

Фото: Kun.uz
Жиззахда ноқонуний балиқ овлаган шахслар жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, фуқаролар Ф.Г., Ж.С., А.Н. ва А.Т. бир гуруҳга бирлашиб, Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласи ҳудудида Айдар-Арнасой кўллар ҳавзасининг 92-контурида балиқ овлаш билан шуғулланиб келишган. Улар табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари талабларини қўпол равишда бузишган. Яъни балиқчилар саноатда овлаш тақиқланган кичик ҳажмли оқсила (судак) ва қизилкўз (вобла) балиқларини ноқонуний равишда овлашган. Бунинг оқибатида ҳайвонот дунёсига 1 млрд 789 млн 760 минг сўм зарар етказишган.
2024 йил 13 июн куни Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Damas машинасида олиб кетилаётган 980 дона оқсила ва 364 дона қизилкўз балиғи ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Кейинчалик ушбу балиқлар истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли тегишли тартибда йўқ қилинган.
Судда балиқчилар айбларига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймонлигини билдиришган ва етказилган зарарни ишлаб қоплаб беришларини айтишган.
Суд ҳукми билан Ф.Г., Ж.С., А.Н. ва А.Т. Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, улардан ҳайвонот дунёсига етказилган 1 млрд 789 млн сўм зарар солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Мавзуга оид

17:01 / 28.03.2025
Жиззахда ҳайдовчи ёқилғи баки қопқоғини ёпмагани учун заправка ходимини калтаклади

09:08 / 26.03.2025
Наманган ва Жиззахда йирик асаларичилик марказлари ташкил этилади

18:20 / 16.03.2025
Очиқ океанда 95 кун қолиб кетган перулик балиқчи қутқарилди

00:17 / 13.03.2025