Жаҳон | 22:54 / 28.03.2025
2489
2 дақиқада ўқилади

Мянма ҳукумати зилзила қурбонлари сони 144 кишига етганини маълум қилди

Хунта етакчиси генерал Мин Аун Хлайн ўлим ва жароҳатланганлар сони янада ортиши мумкинлигини таъкидлаб, «исталган давлат»ни ёрдам ҳамда хайрия қилишга таклиф этди.

Фото: Reuters

Мянмада зилзила қурбонлари сони 144 кишига етди. Бу ҳақда мамлакатги ҳукмрон ҳарбий хунтага таяниб, Reuters хабар берди.

Шунингдек, яна 732 киши жароҳатланган. Хунта етакчиси генерал Мин Аун Хлайн ўлим ва жароҳатланганлар сони янада ортиши мумкинлигини таъкидлаб, «исталган давлат»ни ёрдам ва хайрия қилишга таклиф этди. У давлат телевидениесида халқаро ёрдам учун йўналишларни очганини маълум қилди.

«Ҳалок бўлганлар сони ҳам анча кўп. Ҳозирча айтишимиз мумкин бўлгани шу, чунки қутқарув ишлари давом этмоқда. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум, аммо гап юзлаб одамлар ҳақида кетмоқда», — дейди BBC рус хизматига қутқарув хизматларининг аноним вакили.

Мянмада 28 март куни 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Эпицентр мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри — 1,5 миллион аҳолга эга Мандалайда.

Зилзила Таиланд, Ветнам ва Хитойда ҳам сезилди. Таиланд ҳукумати Бангкокда қурилаётган бино қулаши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлганини маълум қилди. У ерда ҳам қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, вайроналар остида яна ўнлаб одамлар бўлиши мумкин.

Мавзуга оид