Жаҳон | 16:30 / 28.03.2025
6431
2 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уйда мусулмонлар учун ифторлик уюштирди

АҚШ президенти сайловда қўллаб-қувватлаганликлари учун юз минглаб америкалик мусулмонларга миннатдорчилик билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Америка мусулмон жамияти аъзолари ва бир қанча мусулмон давлатлари дипломатлари учун ифторлик уюштирди.

Давлат раҳбари тадбирдаги нутқини «Рамазон ойи муборак» деган тилак билан бошлади. Америка етакчиси 2024 йил ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Қўшма Штатлардаги мусулмонлар унга кўрсатган қўллаб-қувватлашдан ғоят мамнун эканини таъкидлади.

«2024 йилги президентлик сайловида рекорд даражада қўллаб-қувватлаган юз минглаб мусулмон америкаликларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу ақл бовар қилмас воқеа бўлди», деди у.

Трамп тадбирда Саудия Арабистони, Миср, БАА, Қатар, Ливан, Покистон ва бошқа давлат вакиллари иштирок этаётганини айтди ва Оқ уй маъмурияти мусулмон жамиятига берган ваъдаларини бажараётганига ишонтирди.

«Биз Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш бўйича узлуксиз дипломатик иш олиб бормоқдамиз, бунда тарихий Иброҳим келишувига таянмоқдамиз», деди у.

Америка раҳбари янада ёрқин ва умидли келажакка эришиш учун мусулмонлар билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутаётганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид