Жаҳон | 15:24 / 28.03.2025
5543
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги илк биринчи ёрдам кўрсатувчи робот тақдим этилди

Робот экстремал шароитларда ишлаб, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишга қодир.

Фото: ithome

Хитойнинг Poseidon компанияси дунёдаги илк робот-қутқарувчини ишлаб чиқди. Қурилма экстремал шароитларда ишлаш ва жабрланганларга автоматик тиббий ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга. У шароитга қараб ҳам оёқда, ҳам ғилдиракда ёки занжир тизим билан ҳаракатлана олади, шунингдек, мураккаб тўсиқларни: зинапоялар, қияликлар ва нотекис юзаларни босиб ўтади. Қурилма кичкина майдонда ҳам осонлик билан ҳаракатланади ва тўсиқларни чаққонлик билан айланиб ўтади. Робот -20 градусдан +55 градусгача бўлган ҳароратда ишлаши мумкин.

Қурилманинг асосий хусусияти — биринчи ёрдамни кўрсатишга қодир эканида, бу ёрдам қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Инсоннинг ҳаётий кўрсаткичларини назорат қилиш тизими;
  • Сунъий нафас олдириш аппарати;
  • Инфузион даволаш модули;
  • В-ултратовуш текширув тизими;
  • юрак ритмини тиклаш учун дефибриллятор;
  • Юрак-ўпка реанимацияси;
  • Кислород етказиб бериш тизими.

Бундай кенг қамровли функционаллик роботга фавқулодда вазиятларда жуда муҳим бўлган “йўл-йўлакай” тез ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, ушбу роботга қуйидаги соҳаларда талаб юқори:

  • Табиий офатлар пайтидаги қутқарув операцияларида;
  • Ҳарбий шароитларда (жангчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш учун);
  • Мураккаб саноат ва шаҳар аварияларида;
  • Касалхонагача ва касалхона ичидаги тиббий ёрдамда.

Мутахассисларнинг фикрича, бу янгилик фавқулодда тиббий ёрдам соҳасидаги сунъий интеллект бўшлиғини тўлдиради. Анъанавий қутқарув усуллари кўпинча кўп вақт ва мутахассисларни талаб қиладиган бир пайтда, робот тезкор, аниқ ва мустақил равишда ҳаракатлана олади.

Ушбу лойиҳа Хитойнинг шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги имкониятларини сезиларли даражада кучайтиради, уни янада самарали қилиб, технологик жиҳатдан илғорлаштиради”, — деб таъкидлади Poseidon корпорацияси.

Мавзуга оид