Жаҳон | 00:27 / 29.03.2025
3185
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Конгрессни USAID тарқатиб юборилиши ҳақида хабардор қилди

Ҳукумат самарадорлиги департаменти USAID ходимларига қонунчиликда кўзда тутилмаган барча лавозимлар тугатилишини маълум қилди.

Фото: Reuters

28 март куни АҚШ Давлат департаменти Конгрессни Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тарқатиб юборилиши ҳақида расман хабардор қилди. Давлат департаменти маълумотига кўра, USAID’ни қайта ташкил этиш жараёни 1 июлгача амалга оширилади. Агентликнинг айрим функциялари Давлат департаменти зиммасига ўтади.

«Тўғри йўналтирилган хорижий ёрдам миллий манфаатларимизни илгари суриши, чегараларимизни ҳимоя қилиши ва асосий иттифоқчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши мумкин. Афсуски, USAID анчадан бери ўзининг бирламчи вазифасидан четга чиққан. Натижада, эришилган ютуқлар жуда кам, харажатлар эса ҳаддан ташқари юқори бўлди», — дейди давлат котиби Марко Рубио.

Reutersʼга кўра, Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) USAID ходимларига қонунчиликда кўзда тутилмаган барча лавозимлар тугатилишини маълум қилган. Яқин орада агентликнинг барча ходимларига хатлар юборилади — уларда 1 июл ёки 2 сентябр куни ишдан бўшаш таклиф этилади.

DOGE баёнотида айтилишича, июл–сентябр ойларида АҚШ Давлат департаменти USAID’нинг қолган «ҳаётий муҳим ва стратегик ёрдам дастурлари»ни ўз зиммасига олади. Шу билан бирга, USAID ходимлари автоматик тарзда Давлат департаментига ўтказилмайди — у ерда «алоҳида ва мустақил ёллаш жараёни»ни ўтказиш режалаштирилган.

Доналд Трамп АҚШ президентлиги лавозимига киришган куни USAID’нинг чет эл давлатларига ёрдамини 90 кунга музлатиб қўйганди. Ушбу муддат давомида агентлик дастурлари АҚШ ташқи сиёсати ва «Америка қадриятларига» мос келиш ёки келмаслиги текширилиши айтилди. Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, Трамп маъмурияти USAID орқали тўловларнинг 90 фоизини тўхтатишни буюрган. USAID бошқаруви АҚШ Давлат департаменти назорати остига ўтди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги 1961 йилда пайдо бўлган. 2025 йилда унинг бошқа давлатларга ёрдам бюджети 42,8 миллиард долларни ташкил этган. Агентлик, хусусан, бутун дунё бўйлаб кўплаб гуманитар дастурларни молиялаштириб келади.

Мавзуга оид