АҚШ ҳарбийлар учун мия имплантлари устида иш олиб бормоқда
Мияга ўрнатиладиган бу каби имплантлар тез орада оммалашиб кетиши кутилмоқда. Назарий жиҳатдан, улар аскарнинг жанговар топшириқни бажаришидан олдинги қўрқувини «ўчириб қўйиши» мумкин.

Фото: U.S. Air Force
Америкалик ҳарбийлар 2030 йилга бориб, АҚШ Қуролли кучлари турли ҳарбий мақсадлар йўлида мия имплантларидан оммавий фойдаланишни бошлашини маълум қилди.
Дастлаб ҳарбийлар имплантларни бионик протезларни бошқариш мақсадида синаб кўрган. Ушбу технологиянинг ривожланиши жароҳат олган ҳарбий хизматчилар реабилитациясини тезлаштиришга ва ҳатто уларнинг биопротезлар билан сафга қайтишига ёрдам берган.
Шундай тажрибалардан бирида ҳарбий госпиталдаги бемор мия имплантлари орқали ҳарбий авиация симуляторига уланган. Бир нечта машғулотлардан сўнг, у тажриба доирасида самолётни ҳавога кўтариш ва қўндиришни муваффақиятли амалга ошира олган.
2013 йилда АҚШ Мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқотлар бошқармаси (DARPA) томонидан «Фаол хотирани тиклаш» номли дастур ишга туширилган. Унинг мақсади «бош мия жароҳати ёки касаллик оқибатида хотира билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ҳарбий хизматчиларда нормал хотира функциясини тиклай оладиган тўлиқ имплантацияланувчи, ёпиқ нейрон интерфейсини ишлаб чиқиш» бўлган.
2018 йилда DARPA Wake Forest Baptist Medical Center Тиббиёт маркази ва Жанубий Калифорния университети олимлари билан ҳамкорликда эпилепциядан даволанаётган кўнгилли беморларга имплантлар ўрнатиш устида ишлаётганини эълон қилган. Тажриба давомида бу имплантлар хотиранинг табиий функциясини рағбатлантириши, шунингдек, беморларнинг кайфиятига таъсир кўрсатиши аниқланган. Ўшанда имплантлардан стресс, чарчоқ ва посттравматик асоратлар билан курашишда фойдаланиш ғояси пайдо бўлган. Назарий жиҳатдан, аскарнинг жанговар топшириқни бажаришидан олдинги қўрқуви «ўчириб қўйилиши» мумкин.
2019 йилда АҚШ Қуролли кучлари Жанговар салоҳиятни ривожлантириш қўмондонлиги ҳисоботида мия фаолиятини яхшилашга қаратилган технологиялар, айниқса, имплантатлар 2030 йилга бориб одатий ҳолга айланиши мумкинлиги тахмин қилинган.
Бундай технологияларни амалиётда қўллашга энг яқин келган соҳа — АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳисобланади. Улар ҳозирнинг ўзида учувчиларни тайёрлаш жараёнида мия стимуляцияси тизимларидан фойдаланмоқда. Аммо ҳозирча стимуляция курсантнинг бошига жойлаштирилган электродлар орқали амалга оширилмоқда.
Учувчилардан, айниқса, қирувчи самолётларни бошқарувчи учувчилардан жуда тез реакция талаб этилади. Нейроимплантлар эса истиқболда, уларнинг реакцияси тезлигини янада яхшилашга ҳамда бир вақтнинг ўзида бир нечта учиш аппаратларини бошқаришга ёрдам бериши мумкин.