Жаҳон | 13:09 / 29.03.2025
1612
2 дақиқада ўқилади

Исроил Байрутдаги "Ҳизбуллоҳ" нишонларига ҳужум қилинганини билдирди

Исроил ноябр ойида ўт очиш тўхтатилганидан кейин биринчи марта Байрутдаги "Ҳизбуллоҳ" нишонларини ўққа тутди, деб хабар бермоқда AP ва Reuters.

Фото: AP

Исроил ноябр ойида ўт очиш тўхтатилгандан кейин биринчи марта Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг Байрутдаги нишонларини ўққа тутди. AP агентлигининг 28 март, жума куни хабар беришича, Ливан пойтахтида кучли портлаш овози эшитилиб, тутун кўзга ташланган.

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) аҳолини зудлик билан Байрут чеккасидаги бир қатор ҳудудлардан эвакуация қилиниш ҳақида огоҳлантириб, 22 март куни Ливандан Исроил шимолига амалга оширилган зарбага жавоб қайтарилиши тўғрисида хабар берган эди. "Ҳизбуллоҳ" воқеага алоқадорлигини рад этди. 28 март куни Ливан жанубидан отилган иккинчи ракета минтақа ҳудудига қулади, деб хабар қилган Исроил ҳарбийлари.

Исроилда ҳукуматга қарши намойишлар қайта бошланди 

Исроил шаҳарларида 27 март куни судяларни тайинлаш жараёнида сайланган мансабдор шахсларнинг ваколатларини кенгайтирувчи зиддиятли қонунга қарши бўлган минглаб кишилар яна кўчаларга чиқди. Бундан ташқари, намойишчилар гаровга олинганларни озод қилиш учун Исроил Ғазо секторида ҳарбий операция ўтказаётган Ҳамас ҳаракати жангчилари билан келишувга эришишни талаб қилди, деб хабар беради dpa агентлиги.

Аввалроқ, суд-ҳуқуқ ислоҳотининг асосий қонунларидан бирини соатлаб давом этган мунозаралардан сўнг Кнессетнинг 120 аъзосидан 67 нафари қўллаб-қувватлаган, бир депутат эса қарши чиққанди. Мухолифат овоз беришни бойкот қилди.

Қонун қабул қилиниши Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга 2023 йилда мамлакат тарихидаги энг йирик норозилик намойишларидан бирига сабаб бўлган мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳотларини давом эттириш имконини беради. 2023 йил 7 октябрда Ҳамас жангчиларининг Исроилга ҳужуми ва Ғазода ҳарбий операция бошланганидан сўнг ислоҳотни илгари суриш тўхтатилди.

Мавзуга оид