Жаҳон | 08:05 / 29.03.2025
5170
3 дақиқада ўқилади

Молдова Гагаузия раҳбарини ҳибсга олди

Кишинёв суди Гагаузия мухторияти раҳбари Евгения Гуцулни 20 суткага қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Евгения Гуцул. Фото: Gagauzia24

«Евгения Гуцулга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 20 суткалик қамоқни қўллаш тўғрисидаги илтимоснома қисман қаноатлантирилсин», — дейилади судя Сергей Чобану қарорида.

Прокуратура Гуцулни 30 кунга қамоққа олишни сўраган, аммо суд ушбу муддатни қисқартирди. Гуцулнинг адвокати Сержиу Морарунинг айтишича, унинг ҳимояси остидаги шахс ҳеч қандай ҳуқуқбузарликка йўл қўймаган, прокуратурада эса уни ҳибсга олиш учун қонуний асос бўлмаган. Ҳимоя ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида.

Гуцул 25 март куни кечқурун Кишинёв аэропортида мамлакатни тарк этишга уринган вақтда қўлга олинган. Молдова ҳукумати унга икки жиноят иши бўйича айб қўйган. Биринчи ишга кўра, тергов маълумотларига асосан 2019–2022 йиллар оралиғида Гуцул Россиядан Молдовага йирик миқдорда пул маблағларини олиб кириб, россияпараст «Шор» партиясини ноқонуний молиялаштириш билан шуғулланган. Шунингдек, у 2022 йилда Кишинёвдаги норозилик намойишларини ташкил этишда гумонланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, Гуцул давлат муассасалари олдидаги намойишларда иштирок этган фаолларга тўловларни назорат қилган.

Қўлга олинганидан сўнг Гуцул Владимир Путинга мурожаат қилиб, Молдова ҳукуматига нисбатан босим ўтказиш учун «барча дипломатик, сиёсий ва ҳуқуқий воситаларни ишга солиш»ни сўради ва «сиёсий таъқибларни зудлик билан тўхтатиш»га даъват этди.

Шунингдек, у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда Гагаузия аҳолисидан қўллаб-қувватлашни сўради. Унинг сўзларига кўра, Молдова расмийлари унга ҳудуд раҳбарлиги — бошқон лавозимидан воз кечиш ва мамлакатни тарк этиш эвазига жиноий таъқибни тўхтатишни таклиф этган.

Кремл Гуцулнинг қўлга олинишини қоралаб, бу каби ҳаракатлар «демократик тамойилларга зид» эканини маълум қилди. «Албатта, биз бу каби чораларни қоралаймиз ва Кишинёвдан бундай усуллардан воз кечиб, мамлакатдаги барча сиёсий кучлар учун эркин фаолият юритиш имкониятини таъминлашни талаб қиламиз», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Гагаузия — Молдова Республикаси таркибидаги мухтор ҳудудий бирлик бўлиб, у ерда туркий тилда сўзлашувчи 112 мингдан зиёд гагаузлар яшайди.

Мавзуга оид