Иқтисодиёт | 16:36 / 29.03.2025
3178
4 дақиқада ўқилади

Охирги 5 йилда корпоратив ташқи қарз миқдори 2,4 баробарга ошган – Марказий банк ҳисоботи

2024 йил якунлари бўйича, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз 64,1 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 33,9 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 30,2 млрд долларга тенг бўлган. Ўтган йилда олтин (23 фоиз), мис (8 фоиз) ва уран (42 фоиз) нархларининг қимматлашиши фонида экспорт 4,5 фоизга ошган. Шунингдек, трансчегаравий пул ўтказмаларининг кўпайиши натижасида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 5,7 млрд долларгача қисқарган.

Марказий банк 2024 йил учун «Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқейи ҳамда ташқи қарзи» бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этилишича, ўтган йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 5,7 млрд долларни ташкил қилган (2023 йилда 7,8 млрд доллар). Бунга савдо баланси манфий салдосининг камайиши билан бирга иккиламчи даромадлар компоненти бўйича келиб тушган жорий трансфертлар ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши таъсир кўрсатган.

Жумладан, экспортнинг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши натижасида, савдо балансининг манфий салдоси (17,4 млрд доллар) деярли 2023 йил даражасида сақланиб қолган.

2024 йилда халқаро бозорларда хомашё нархларининг ўзгариши ва норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кўпайиши натижасида жами экспорт ҳажми 2023 йилга нисбатан 4,5 фоизга ўсиб, 26,2 млрд долларни ташкил қилди (олтинсиз – 18,7 млрд доллар, ўсиш 11 фоиз).

Асосий экспорт хомашё маҳсулотларининг жаҳон нархлари таҳлилига кўра, 2024 йил давомида олтиннинг ўртача нархи 2023 йил кўрсаткичига нисбатан 23 фоизга, кумуш нархи 21 фоизга, мис нархи 8 фоизга ҳамда уран нархи 42 фоизга ўсган бўлса, тўқимачилик саноатининг асосий хомашёси – пахтанинг жаҳон нархи 9 фоизга пасайган.

2024 йилда жами импорт ҳажми 2023 йилга нисбатан 2,3 фоизга кўпайиб, 43,6 млрд долларга етди. Бу 2023 йилда айрим турдаги товарларнинг бир марталик йирик импорти ўтган йил давомида сезиларли даражада қисқаргани билан изоҳланади. Шунга қарамай, мамлакатда инвестициявий фаоллик ва ички истеъмол талаби юқори даражада сақланиб қолиши шароитида хориждан энергоресурслар, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларининг келтирилиши давом этди.

2024 йилда меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ошиши натижасида иш ҳақи миқдорининг ўсиши ҳамда меҳнат миграцияси географиясининг диверсификацияси каби ижобий тенденциялар бирламчи ва иккиламчи даромадлар компонентлари бўйича тушумларнинг кўпайишига хизмат қилди. Ўз навбатида, норезидентларнинг инвестиция даромадлари ошиши харажатларни кўпайтирувчи омиллардан бўлган. Натижада бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси мусбат салдо билан шаклланиб, мос равишда 1,1 млрд ва 10,6 млрд долларни ташкил этган ҳолда савдо баланси тақчиллигини қисман қоплаган. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги молиявий ҳисоб бўйича капитал тушумлар, хусусан, тўғридан тўғри, портфел инвестициялар ва бошқа манбалар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилган.

Жумладан, 2024 йил давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2023 йилга нисбатан 32 фоизга ўсиб, 2,8 млрд долларга тенг бўлди. Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 3,1 баробарга кўпайиб, 3,1 млрд долларни ташкил қилди. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига 2024 йил якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий салдоси 7,4 млрд долларни ташкил этди.

Ҳисобот даврида халқаро захира активларининг хорижий валютадаги қисми 734 млн долларга қисқариши кузатилган. Бироқ олтин нархининг юқори суръатларда ўсиши натижасида халқаро захиралар қолдиғи 2024 йил бошига нисбатан қарийб 6,6 млрд долларга кўпайиб, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатига 41,2 млрд долларни ташкил қилди. 2024 йил якунига кўра, тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқейи жорий йил бошига нисбатан 11 фоизга мустаҳкамланиб, 2025 йил 1 январ ҳолатига 13,7 млрд долларга етди.

Бунда резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари ҳажми 11,8 млрд долларга (ҳисобот йили бошига нисбатан ўсиш 14 фоиз) ошган бўлса, ташқи мажбуриятлари ҳажми 10,4 млрд долларга (ўсиш 14 фоиз) кўпайди.

Ўтган йил якунига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми 64,1 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 55,7 фоиз) ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 33,9 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 29,5 фоиз) ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 30,2 млрд долларга тенг бўлди.

1.png
2.png
3.png
4.png

Мавзуга оид