Жаҳон | 08:30 / 29.03.2025
7106
3 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки нефт нархининг қулаши ва санкциялар кучайтирилишини банкларда синаб кўрди

Фото: РФ МБ матбуот хизмати

Россия Марказий банки иқтисодиётдаги «хавфли сценарий» рўёбга чиққан тақдирда банк тизимининг барқарорлигини баҳолаш учун стресс-синов ўтказди. Бу ҳақда РФ МБ жума куни Давлат Думасига киритилган йиллик ҳисоботида маълум қилди.

Марказий банк текширган тайёргарлик шароити қуйидагиларни ўз ичига олган: санкцияларнинг кучайиши, жаҳон иқтисодиётида таназзул ва нефть нархининг, жумладан, Brent навли нефт учун баррели 49 долларгача тушиб кетиши синалган. Бу эса жорий даражаларга нисбатан 33 фоизлик пасайиш демакдир.

«Хавфли сценарий»да (у «2024–2026 йиллар учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари»да баён этилган), Россия иқтисодиёти экспортдан 150 млрд доллардан ортиқ даромаддан маҳрум бўлади, умумий экспорт ҳажми эса 266 млрд долларгача тушади — бу 2005 йилдан бери энг паст даража. Импорт ҳажми 200 млрд долларгача камаяди — бу сўнгги ўн йилдаги энг паст кўрсаткич. ЯИМ рецессияга юз тутади ва бир йилда 3,5 фоизга йўқота бошлайди.

МБ ҳисоботида таъкидланишича, банк тизими бундай инқирозга дош бера олади. «Сўнгги йилларда банклар томонидан тўпланган капитал захиралари уларнинг кўпчилигига стресс туфайли келиб чиқадиган йўқотишларни анча даражада қоплаш имконини беради. Капитал етарлилиги жами 2,8 фоизга пасайиши мумкин, бироқ умумий ҳолда 9,6 фоиз даражасида сақланади, бу эса минимал меъёрдан юқори», — дейилади регулятор баёнотида.

Стресс-синовда Россиянинг 27 та энг йирик банки иштирок этди ва уларнинг асосан йирик компаниялардан ибораь энг йирик 400 та қарз олувчи мижозлари таҳлил этилган.

Марказий банк томонидан Россия ҳукуматига 2024 йил февралида тақдим этилган ёпиқ ҳисоботда таъкидланишича, нефт нархининг узоқ муддатга кескин тушиши АҚШ ва OPEC давлатлари томонидан қазиб чиқаришни ошириш режалари сабабли Россия иқтисодиёти учун ҳақиқий таҳдидга айланиши мумкин. OPEC давлатларининг эркин қуввати — кунига 5 млн баррел жаҳон бозорида Россия нефтини тўлиқ алмаштиришга етади. Бундай ҳолат 1980-йилларнинг ўртасида ҳам кузатилган — ўшанда Саудия Арабистони нефт ишлаб чиқаришни уч баробар оширган ва нархларни 30 доллардан 10–15 долларгача туширган. Бу ҳолат совет иттифоқида кескин валюта инқирозини келтириб чиқарган ва мамлакат олти йил ўтиб банкротга учраган ҳамда унинг парчаланиши билан тугаган эди.

Мавзуга оид