“Тонировка” учун жарима: нима ўзгаряпти?
Рухсатномага эга бўла туриб, автомобил ойналарини меъёрдан ортиқ қорайтирган ҳайдовчиларга энди 1 БҲМ (375 минг сўм) жарима қўлланиши мумкин. ЙҲХХ матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, амалиётда бундай ҳуқуқбузарлик учун рухсатсиз “тонировка” ҳақидаги модда асосида салкам 10 млн сўмлик жарима қўлланяпти. Рухсатнома олмасдан ойналарни қорайтирганлик учун жарима миқдори ўзгаришсиз қолади.

Фото: Kun.uz
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда қўшилиши мумкин. 27 март куни Ички ишлар вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳада кодексга “тонировка” бўйича қуйидаги мазмундаги янги 126-1-моддани киритиш таклиф этилган:
“126-1-модда. Ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатномада кўрсатилган талабларни бузиб транспорт воситаларидан фойдаланиш
Ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатномада белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик – БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.
БҲМнинг 1 баравари ҳозирда 375 минг сўмга тенг.
Бугунги кунда Ўзбекистонда БҲМнинг 8 баравари (3 млн сўм) тўлов қилиб, машинанинг олд ён ойналари тусини ўзгартириш мумкин. Рухсатнома my.gov.uz порталидан онлайн олинса, тўлов миқдори чегирма билан 2,7 млн сўм бўлади.
Бу рухсатномада белгиланган меъёрга кўра, олд ён ойналар тусини 30 фоизгача қорайтириш мумкин.
ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, амалиётда рухсатнома олганидан кейин ойналарни 50 фоиз ва 100 фоизгача қорайтириш ҳолатлари учрамоқда.
Бундай вазиятда, амалдаги МЖтКнинг 126-моддаси (кўзгусимон ёки қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан рухсатномасиз фойдаланганлик) асосида, БҲМнинг 25 баравари миқдорида (ҳозирги кунда 9 млн 375 минг сўм) жарима қўлланмоқда.
“Бир неча миллионга “тонировка” учун рухсатнома олса-ю, лекин яна тонировкаси йўқлардек, БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима тўлашига тўғри келса, бу адолатсизлик бўлади, деб ҳисобладик.
Шунинг учун тонировка рухсатномасида белгиланган меъёрларга амал қилмаганлар учун алоҳида, БҲМнинг 1 баробари миқдорида жарима қўллаш бўйича ташаббус билдириб, шу лойиҳа ишлаб чиқилди.
Бу 126-1-модда қабул қилинса, ҳуқуқбузарлардан “тонировка” рухсатномаси олиб қўйилмайди. Балки меъёрдан юқори “тонировка”си ечилиб, 30 фоизгача бошқа тонировка қўйиб олади. МЖтКнинг амалдаги 126-моддаси – рухсатсиз “тонировка” учун БҲМнинг 25 баробари (9 миллион 375 минг сўм) жазо ҳам ўз кучида қолаверади. Бу бошқа ҳолат”, – деди ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдашев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Қонун лойиҳаси жорий йил 11 апрелгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, барча фуқаролар ушбу ҳаволага ўтиб, фикр ва таклифларини бериши мумкин.
Тонировка учун тўловлар
Ўзбекистонда 2022 йил 1 июлдан енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинган. Яъни орқа ён ойналарни ҳеч қандай тўловларсиз қорайтириш мумкин бўлган.
Ўша вақтда, жисмоний ва юридик шахслар учун енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олиш тўлови БҲМнинг 8 баравари деб белгиланган – ҳозирги кунда 3 миллион сўмни ташкил қилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рухсатнома олиш 10 фоизга арзонроқ.
Ҳукумат қарорига кўра, бу рухсатномани беришдан тушадиган маблағлар қуйидагича йўналтирилади:
- 40 фоизи —давлат бюджетига;
- 40 фоизи — ИИВнинг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
- 20 фоизи — ИИВнинг “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармасига.
Мавзуга оид

15:14 / 27.03.2025
“Cobalt'га шартнома олишга ўхшаб...” — Пискентдаги лабораторияга навбат олиш қийинлашиб кетди

12:32 / 27.03.2025
Савдо урушидаги янги операция: Трамп автомобил импортига 25 фоизлик бож жорий этмоқда

16:46 / 25.03.2025
Тез юришга рағбат ёхуд яна 10 km/h «погрешность» ҳақида

10:04 / 23.03.2025