Жаҳон | 16:25 / 30.03.2025
5779
5 дақиқада ўқилади

АҚШ «Толибон» билан алоқа ўрнатяптими?

Сўнгги бир неча ҳафта ичида АҚШ расмийлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги муносабатларда бир нечта воқеалар содир бўлди, экспертлар буни муносабатларнинг илиқлашуви ва ҳатто расмий алоқаларни тиклаш йўлидаги дастлабки қадамлар деб баҳоламоқда.

Оқ уй ва Афғонистоннинг янги ҳукумати ўртасидаги барча муносабатлар 2021 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатни тарк этиши ва толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши билан узилган эди. Ўшанда АҚШ ҳукумати Афғонистоннинг АҚШ банкларидаги ҳисоб рақамларида бўлган ва дастлаб толибларга беришдан бош тортган маблағларининг бир қисмини музлатиб қўйган, шунингдек, Кобулдаги янги режимни тан олмаганди.

Биринчидан, АҚШ Федерал қидирув бюроси ўз сайтида «Толибон» ҳукуматининг амалдаги ички ишлар вазири ва «Толибон» қанотларидан бири бўлган «Ҳаққоний террорчилик тармоғи» асосчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққонийни қўлга олиш учун эълон қилинган 10 миллион долларлик мукофотни бекор қилди.

Сирожиддин Ҳаққоний толиблар орасида Ҳайбатулло Охундзодадан кейинги иккинчи нуфузли шахс саналади.

Шунингдек, Давлат департаменти «Ҳаққоний» тармоғининг яна икки юқори мартабали раҳбари Абдулазиз Ҳаққоний ва Яҳё Ҳаққонийни ҳам қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлаган

Ҳаққоний билан бирга «Ҳаққоний тармоғи"нинг яна икки юқори мартабали етакчиси: Абдулазиз Ҳаққоний ва Яҳё Ҳаққонийни қўлга олиш учун мукофотни бекор қилди.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти Сирожиддин Ҳаққоний ва тармоқнинг бошқа икки аъзоси ҳамон халқаро террорчи ҳисобланишини, «Ҳаққоний тармоғи»нинг ўзи эса АҚШда террорчи ташкилот сифатида тан олинганини маълум қилган.

Хўш, АҚШ нега «Толибон» ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний учун белгиланган мукофотни бекор қилди-ю, лекин террорчилар сафидан чиқарилмади?

Афғоншунос Ҳамза Болтаевнинг фикрича, ушбу мукофот бекор қилинишини Илон Маск бошчилигидаги давлат самарадорлигини ошириш бўйича янги департамент фаолияти билан боғлаш мумкин. Чунки у давлат ҳаражатларини ревизия қиляпти.

«Ундан ташқари, авваллари АҚШ «Толибон» билан муносабатларини учинчи томон воситасида амалга оширган, лекин Вашингтоннинг бу галги ҳаракатлари Трамп маъмуриятиининг «Толибон»га нисбатан янги стратегиясининг илк қадамлари сифатида баҳоланиши мумкин.

Шунингдек, асли этник афғон бўлган Залмай Ҳалилзоданинг Кобулда музокаралар ўтказгани Вашингтоннинг «Ҳаққоний тармоғи»га эътибор қаратётганидан дарак», дейди у.

21 март куни толиблар АҚШ фуқароси Жорж Ҳолсманни қамоқдан озод қилди. Бундан ташқари, бир неча кун олдин Америка делегацияси Кобулда «Толибон»нинг айрим вакиллари билан музокаралар ўтказган.

«Толибон»нинг ички таркиби бир бутун эмас. У икки асосий йўналишга бўлинган: Ҳаққоний тармоғи ва Охундзода гуруҳи.

Ҳаққоний тармоғи – халқаро ҳамжамият билан келишишга мойилроқ, Покистон билан яқин ишлайди деган маълумотлар ҳам бор. АҚШ билан яширин музокаралар олиб бориш имкониятига эга. Бу ҳақида бир неча ой аввал New York Times’га шахсан Сирожиддин Ҳаққонийнинг ўзи ҳам интервю берган эди.

Охундзода гуруҳи – мафкуравий жиҳатдан қаттиқ диний йўналишда, изоляционистик сиёсат юритади ва АҚШ билан ҳар қандай келишувга шубҳа билан қарайди.

Сўнгги вақтларда Ҳаққоний ва Охунзода ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида турли хабарлар кўпайган. Март ойининг биринчи ярмида Сирожиддин Ҳаққоний ички ишлар вазири лавозимидан истеъфога чиққани ҳам айтилганди, бироқ кейинчалик хабар тасдиқланмаган.

Шундай экан, Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Сирожиддин Ҳаққоний зиддияти фонида Вашингтон «Ҳаққоний» тармоғини қўллаяптими?

«Ушбу икки фирқа ўртасидаги зиддият Қандаҳор ва Кобул ўртасидаги масаладир. Бунинг туб моҳияти ҳокимиятни ким эгаллашидадир. Сўнгги вақтларда бу зиддият ортиқча яширилмаяпти ва кенг жамоатчиликка аён бўлиб боряпти», дейди Ҳамза Болтаев.

Сирожиддин Ҳаққоний 2008 йилда Қўшма Штатлар томонидан «глобал террорчи» деб топилган ва унинг активлари музлатилган. Қўшма Штатлар Ҳаққонийни Америка қўшинларига қарши ўнлаб ҳужумларни уюштирганликда, жумладан 2008 йил январида Кобулдаги Серена меҳмонхонасига АҚШ фуқароси ўлимига сабаб бўлган ҳужумда айблаган эди.

Мавзуга оид