Эрон АҚШ билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишдан бош тортди
Мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён АҚШни олдинги мажбуриятларини бажармаганликда айблади.

Фото: Getty Images/FILE
Эрон ўзининг «тез ривожланаётган» ядровий дастури бўйича АҚШ билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён маълум қилди.
Теҳрон шу орқали АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан мамлакат олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийга йўлланган мактубга биринчи марта расмий жавоб қайтарди. Axios’нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, ушбу мактубда янги ядровий битим тузиш бўйича икки ойлик муддат ҳақида сўз боради. Аммо муддат қачондан бошлаб ҳисобланиши — аниқ эмас.
Пизишкиённинг сўзларига кўра, Ўмон орқали етказилган мактубга берилган жавоб Вашингтон билан билвосита музокаралар имкониятини очиқ қолдирган. «Биз музокаралардан қочмаймиз. Ҳозиргача бизни айнан ваъдаларнинг бузилиши ташвишга солиб келган. Улар [АҚШ] ишончга лойиқ эканликларини исботлашлари керак», — дейди Пизишкиён.
Унинг қўшимча қилишича, Эрон ҳеч қачон музокаралардан қочмаган ва АҚШни олдинги мажбуриятларини бажармаганликда, жумладан, Трампнинг биринчи президентлик муддати даври — 2018 йилда ядровий келишувдан чиқишда айблади.
Эроннинг ядровий дастурини чеклашни назарда тутган битим 2015 йилда бир қатор давлатлар – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой томонидан имзоланиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тасдиқланган эди. 2018 йилда Трамп Эроннинг ядровий дастури бўйича олинган разведка маълумотларига асосланиб, АҚШни битимдан бир томонлама равишда чиқарган. Шундан бери Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги билвосита музокаралар натижасиз қолмоқда.
Жо Байден даврида Эроннинг ядровий дастури сезиларли даражада олдинга силжиган. 2023 йил декабр ойи охирида Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон 60 фоизгача бойитилган уран ишлаб чиқариш суръатларини оширгани ҳақида хабар берганди (ядровий қурол ишлаб чиқариш учун 90 фоиз ва ундан юқори бойитилган уран талаб этилади). Шу билан бирга, Эрон ўзига қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилишга интилмоқда ва шу мақсадда яқинда, Европа Иттифоқи давлатлари билан ядровий дастурини муҳокама қилишни қайта бошлаган.
Мавзуга оид

23:06 / 01.04.2025
Демократ Сенатда Трамп сиёсатига қарши 17 соат нутқ сўзлади

22:54 / 01.04.2025
Россия ва Украина бир-бирини энергетика объектларига зарба беришда давом этаётганликда айблади

19:49 / 01.04.2025
Доналд Трамп учинчи бор АҚШ президенти этиб сайланиши мумкинми?

18:12 / 01.04.2025