Жаҳон | 21:18 / 30.03.2025
6568
2 дақиқада ўқилади

Ғарбий Европа ҳудудидан учирилган илк космик ракета парвози муваффақиятсиз якунланди

Германия компаниясининг Spectrum ташувчи ракетаси старт олганидан 18 сония ўтиб траекториясини ўзгартирди ва қулаб тушди.

Фото: Isar Aerospace

Германиянинг Isar Aerospace компанияси томонидан Шимолий Норвегиядаги Аннёйа космик маркази старт майдончасидан учирилган Spectrum ракетаси парвози муваффақиятсиз якунланди.

Старт трансляциясидан кўриш мумкинки, ракета муваққатли учишни бошлаган, аммо орадан 18 сония ўтиб парвоз траекториясидан оға бошлаган ва яна 10 сониядан кейин ерга қулаган.

Қайд этилишича, бу Ғарбий Европа ҳудудидан биринчи марта ракета учирилиши ҳисобланади.

Аннёйа оролидаги космопорт 2023 йилда очилган. Германиянинг Isar Aerospace компанияси ҳозирча унинг ягона мижози ҳисобланади.

Икки поғонали енгил Spectrum ташувчи ракетасининг баландлиги 28 метрни, диаметри эса 2 метрни ташкил этади — у оғирлиги 700 килограммгача бўлган кичик ва ўртача сунъий йўлдошларни Қуёш-синхрон орбитасига, 1000 килограммгача бўлган юкни эса Ер атрофидаги орбитага олиб чиқишга қодир. Фойдали юкни орбитага олиб чиқишнинг нархи ҳар бир килограмми учун тахминан 10 минг еврога баҳоланган.

Ракетанинг Going Full Spectrum номли биринчи тест миссияси доирасида фойдали юкни орбитага олиб чиқиш кўзда тутилмаган эди.

«Мақсадимиз ракета ташувчининг барча компонентлари ва тизимларини синовдан ўтказиш. Ушбу синов парвози натижасидан қатъий назар, Европанинг космосга чиқиши йўлида муҳим қадам бўлади», — деганди Isar Aerospace компаниясининг космик миссиялар бўйича вице-президенти Александр Даллоно.

Эслатиб ўтамиз, 6 март куни SpaceX компаниясининг Starship коинот кемаси навбатдаги синов пайтида портлаб кетганди.

Мавзуга оид