Жаҳон | 16:50 / 30.03.2025
10074
6 дақиқада ўқилади

Алавий, друз, христиан аёл. Суриянинг янги ҳукумати таркибига кимлар кирди?

Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг биринчи ўтиш даври ҳукуматини тайинлади. Ўтиш даври ҳукуматида мудофаа ва ички ишлар вазирлари ўз лавозимларини сақлаб қолди. Бундан ташқари, илк бор спорт ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ташкил этилди.

Фото: Getty Images

Янги ҳукумат Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияда содир бўлаётган ўзгаришларни, хусусан, мамлакатни бошқаришда диний ва этник озчиликлар вакилларининг иштирокини ва Ғарбга ўтган ўн йилликлардагига қараганда кўпроқ очиқликни ифодалайди.

Мамлакатда биринчи марта спорт вазирлиги пайдо бўлди, идоралардан бирига алавийлар вакили раҳбарлик қилади, меҳнат вазири лавозимини эса насроний аёл эгаллади.

«Биз миллий йўлимизда янги босқич бошланаётгани шоҳидларимиз ва бугун янги ҳукуматнинг шаклланиши янги давлат қуришга бўлган умумий иродамизнинг декларациясидир», – дея аш-Шаръанинг ҳукумат таркибини эълон қилиш маросимидаги нутқидан иқтибос келтиради SANA давлат ахборот агентлиги.

Сурия ҳукуматида алоҳида бош вазир лавозими кўзда тутилмаган. Ижро этувчи ҳокимиятни президент бошқаради.

2024 йил охирида Башар Асад режимини ағдаришда иштирок этган исёнчиларнинг собиқ раҳбари аш-Шаръа 2025 йил январида Суриянинг вақтинчалик президенти бўлганди. У инклюзив ўтиш ҳукуматини шакллантиришга ваъда берганди, бундай ҳукумат барча сурияликлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда «мамлакатни ҳалоллик билан бошқариши» ҳамда аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиши кўзда тутилган.

Шундан кейин, Суриянинг янги раҳбари ваъда қилганидек, мамлакатда, «эркин ва адолатли сайловлар» ўтказилиши керак. Бу ўтиш даври, ўша пайтда аш-Шаръа айтганидек, тўрт йил давом этиши мумкин.

Янги кенгайтирилган кабинет таркибидан 23 нафар вазир ўрин олган, улар орасида алавийлар, друзлар ва насронийлар бор, дейилади Reuters агентлиги хабарида.

Яна бир озчилик – курдлар вакили эса ҳукумат таркибида йўқ.

Янги ҳукуматда алавийларни транспорт вазири этиб тайинланган Яруб Бадр ифода этади. Шиалик йўналиши ҳисобланган ушбу диний оқим вакиллари Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади (мамлакат аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлар). Сурияни ярим асрдан кўпроқ бошқарган Асадлар оиласи ҳам алавийларга мансубдир.

Март ойи бошида Суриянинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги ҳудудларида кўтарилган алавийлар исёнини бостириш вақтида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганди, Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази бу воқеаларни 2024 йил декабр ойида Асад режими ағдарилганидан бери мамлакатда кузатилган «энг оммавий ва шафқатсиз қотилликлар» деб атаган.

Янги ҳукумат «Асад кўнгиллиларининг қолдиқлари» деб аталган тоифага қарши амалиёт чоғида йўл қўйилган қоидабузарликларни тан олди. Улар зўравонликлар содир этилган тартибсизликларда расмий хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашга уринган уюшмаган гуруҳлар ва қуролли жангариларни айблади.

Аш-Шаръа ўшанда «тинч аҳоли орасида қон тўкилишига ёки халқ бирлигига зарар етказишга алоқадор бўлганларнинг барчаси ҳеч қандай шафқат кўрсатмасдан жавобгарликка тортилиши»га ваъда берганди.

Янги қишлоқ хўжалиги вазири Амгад Бадр друзлар жамоасига – араб этно-конфессионал гуруҳига мансуб. Сурия ҳудудида илгари 850 минггача друзлар яшаган.

Фото: Getty Images

Аш-Шаръа ҳукумати таркибига насроний аёл ҳам киритилди. Ҳинд Кабават Асад режимига мухолифатда бўлган ва динлараро бағрикенглик ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш тарафдори бўлган, деб эслатади Reuters. Кабават ижтимоий сиёсат ва меҳнат вазири бўлиб ишлайди. Вазирлар маҳкамасининг тақдимот маросимида у оқ костюм шим кийиб қатнашди.

Икки вазир – Мурҳаф Абу Касра ва Асад аш-Шайбоний – Асад режими қулаган 2024 йил декабр ойидан бери Сурияни бошқариб келаётган муваққат ҳукуматдаги мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари лавозимларини сақлаб қолишди.

Шунингдек, Шаръа иккита янги идора – Спорт ва ёшлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ташкил этди, хусусан, кўнгиллиларнинг машҳур «Оқ каскалар» фуқаролик ташкилоти раҳбари Раёз ал-Салоҳ фавқулодда вазиятлар вазирлигига раҳбар бўлди.

Сурияда спортни ривожлантириш ва ёшлар сиёсати билан шуғулланадиган вазирликнинг пайдо бўлиши, аш-Шаръанинг сўзларига кўра, «ёшларнинг роли муҳимлигига бўлган ишонч»ни акс эттиради.

Март ўрталарида Аҳмад аш-Шаръа мамлакатда ўтиш даври давомида амалда бўладиган вақтинчалик конституция декларациясини имзолаганди. Декларация ислом ҳуқуқининг марказий ролини сақлаб қолди ва аёллар ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини кафолатлади, шунингдек, у Суриянинг эски конституциясидаги айрим бандларни ўзида сақлаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабр ойи бошларида Сурия президенти Башар Асадга қарши бўлган мухолифат кучлари Дамашққа кириб, ҳокимиятни эгаллади. Асад оиласи билан Москвага қочиб кетди. Унга қарши мухолифат кучларига бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг ўтиш даври президентига айланди.

Аҳмад аш-Шаръа ҳокимият тепасига келганидан кейин Ғарб давлатлари етакчилари мамлакатга қарши жорий этилган санкцияларни олиб ташлаш имкониятини кўриб чиқишни бошлади. Аммо улар янги ҳукумат билан алоқалар агар сиёсий жараён ва муваққат ҳукумат мамлакатда этник ҳамда диний хилма-хилликни таъминласа амалга ошишини маълум қилди.

photo_2025-03-30_18-27-38.jpg
photo_2025-03-30_15-42-04.jpg

Мавзуга оид