“Gold terapi” изидан Таиландда ёхуд Хайрулла Касимов кирдикорлари – 3-қисм
Kun.uz Тошкентдаги “Gold terapi” клиникаси фаолияти юзасидан суриштирувларни давом эттирди. Навбатдаги махсус суриштирув муолажалар ўтказилган Таиландда, аниқроғи Пхукетнинг Қосимов яшайдиган, махсус қўриқланувчи маҳалласида бўлди. Бу гал "Профессор”нинг одам миясини "программа қилишни кафолатлайдиган" аппарати, беморларга ичирилган шубҳали ичимлик ҳамда психохимиклар фаолияти таҳлил қилинади.
Қосимов ўз фаолиятини кенг қамровли тарғибот асосида олиб борган ва айрим телеканаллар, вайнерлар иштирокида ҳам чиқишлар қилиб довруғ таратган. Қаҳрамонимиз кўнгилочар кўрсатувларда сирли аппаратнинг имкониятларини бошловчилар иштирокида гўёки очиб берган. Унинг бу чиқишлари эса одамларда ишонч уйғотган.
1-факт-чекинг:
“17 000 долларлик аппарат” – аслида 200 долларлик бош тасмаси
Бу қурилма Muse – яъни мия фаолиятини сезувчи бош тасмаси. Канадада 2014 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган бу қурилма шахсий медитация тренери вазифасини ўтайди. У EEG (мия фаолиятини электродлар орқали ўлчаш) сенсорлар орқали мия фаолиятини, юрак уришини, нафас олиш ритмини ва тананинг ҳаракатларини кузатиб, айни вақтда фидбек беради.
Унинг арзонлиги, ишлатиш қулайлиги сабабли айримлар ўзи билан бирга олиб юриши ҳам мумкин. Аммо ундан даволаш мақсадида фойдаланилмайди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Таиландда ҳам ундан руҳий муолажалар чоғида фойдаланилади.
Бу қурилма махсус мобил илова - Muse Direct билан бирга ишлайди. Иловани телефонга юклаб оласиз ва bluetooth орқали мия фаолиятини кўриб, медитация ва тўғри нафас олиб ўзингизни тинчлантирасиз. У ҳеч қандай мияни программа қилиш хусусиятига эга эмас. Қурилма фойдаланишга чиқарилганига кўп вақт бўлган бўлса-да, айтарли даражада оммалашмади.
Қизиқ томони сиз ҳам бу қурилмани арзонгина нархда бемалол сотиб олиб фойдаланишингиз мумкин. Масалан Амазон платформасида у 200 доллардан 340 долларгача сотилади. Бошқа савдо платформаларида ҳам у бундан қиммат турмайди. Интервюларда эса Қосимов бу қурилмани 17 минг АҚШ долларига Америкадан келтирганини айтган.
2-факт-чекинг: “Бу героин, опиум каби кучли наркотик ҳисобланади”
Иккинчи суриштирув даво муолажалари чоғида беморларга ичириладиган ичимлик юзасидан бўлди. Табиийки, биз уни ичиб кўрмаганмиз ва нима эканлигидан бехабармиз. Аммо мурожаатчиларимиз тасвирлаган тахминлар асосида Таиландда уни қидириб кўрдик. У ерда кўп йилдан бери истиқомат қилувчи Роман айтган тахминларимизга кўра шундай маълумот берди:
“Бу ичимлик учун “том” дарахти баргларини қайнатиб олинади. Мана шундай рангдаги, тахир ичимлик тайёр бўлади. Маҳаллий аҳоли бу суюқликни ичиш қулай бўлиши учун таъбга кўра бирор салқин ичимлик қўшишади. Унга қўшиладиган асосий қўшимча бу – таркибида кодеин бўлган сироп, у алколоид ҳисобланади. Кодеиннинг таркиби худди героин билан бир хил.
Уни яхшилаб чайқатиб аралаштириш керак. Бу ичимлик кучли таъсир қилувчи, қарамлик келтириб чиқарувчи гиёҳванд ичимлик. Аввалига эйфория, ўзини бахтли ҳис қилиш, ҳамма нарсани унутиш мумкин, галлюцинация юз беради. Аммо кейинчалик одам ўзини касалдай ҳис қилади. Кўнгил айниши, қайт қилиш, уйқусизликка чалинади.
Унинг битта бутилкаси 60 бат (Таиланд пул бирлиги) туради. (Ўзбек сўмида 23 минг) Аммо Таиландда жуда оммалашгани туфайли унинг савдосида кунига жуда катта пул айланади.
Бу ичимлик героин, опиум каби кучли наркотик ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ичиб кўришни маслаҳат бермайман”, - дейди у.
Таъкидлаб ўтамиз, бу айнан ўша ичимлик экани ҳали маълум эмас. Уни текшириш ва якуний хулоса бериш тегишли ташкилотлар зиммасида. Биз эса кузатувлар асосида бу ичимликнинг дарахт баргидан тайёрланиши, галлюциниция содир қилиши, кучли қарамлик келтириб чиқариши каби белгилар асосида тахминларни илгари суряпмиз холос. Ичимлик ҳақида фаразларни айтдик, аммо клиникада муолажадан олдин беморларнинг бурнига сепадиган кукун борасида бир нима дейишга ожизмиз. Чунки унинг нима эканлигини зийрак мухлисларимиз тахмин қилиб бўлишган.
3 факт-чекинг: Психохимиклар фақат лабораторияда ишлашади
Қосимов ва нинг шогирдлари ўзларини “психохимик” деб аташади. “Gold terapi”да бу мутахассисликка қаерда ўқигани номаълум кўплаб шогирдлар тайёрланиб, “психохимиклар армияси” йўлга қўйилган. Улар одамларга катта ваъдалар бериб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришади. Аммо психохимик деган мутахассис лабораторияларда фаолият кўрсатишини билишмайди.
Соҳадаги етакчи мутахассис, профессор Зарифбой Ибодуллаев уларнинг бу фаолияти тиббиётга мутлақо зид эканлигини айтди:
“Психохимия фани – токсик моддаларнинг инсон руҳиятига таъсирини ўрганувчи фан. Наркотик воситалар, экологияга чиқадиган заҳарлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган гербицидларнинг инсон психтикасига таъсирини ўрганувчи фан. Психохимик нима қилади? Заҳарли моддаларнинг психикага таъсирини ўрганада ва у лабораторияда ўтиради. Бу йигит (Хайрулла Қосимов)нинг фаолияти мутлақо инсон руҳиятини даволаш билан боғлиқ фаолиятга тўғри келмайди. Тушунишимча, ўша наркотик (аяуаска) моддаларни (буни суриштирув идоралари ўрганса керак) инсон руҳиятига таъсирини ўрганган ва буни жуда катта пул ишлаш усулига айлантирган. Мени ажаблантиргани, унинг мижозлари айнан дунёқараши кенг, зиёли инсонлар бўлган. Санъаткорлар қўлга тушиб қолган. Бу ачинарли ҳол, бу бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётган, фаолият ўрганилаётган бўлса керак”, - деди мутахассис.
“Голд терапини замонавий лўлилар деб биламан”
Илм-фанни бутунлай инкор этаётган бу гуруҳнинг фаолияти оқибатида нима юз беряпти? Клиникада даволаниб зарар кўрган мижозларнинг бир нечтасидан қисқа иқтибос келтирамиз:
Нурмуҳаммад: уларнинг курсларини сотиб олиш ва ҳаётини ўзгартириш учун яшаб турган уйини сотиб 20 минг доллар берган. Унга прошивкадан кейин ойига 6 минг топиш ваъда қилинган. Ҳозир меҳнат муҳожири, уйсиз қолиб ижарада яшаётган оиласини боқиш ва уй олиш учун чет элда ишлаяпти. (видеоси)
Замира опа: 60 дан ошган, 15 йилдан бери жигар циррозидан азият чекади, Қосимов унга тузатиш ваъдасини бериб 40 минг доллар олган. Аммо касаллик ўша пайтда 1 стадияда бўлса ҳозир 4 стадияга чиққан, аҳволи оғирлашган.
Хумора: кўкрак раки билан “Gold terapi”га мурожаат қилган ва 15 минг доллар берган. Касалликни даволаш жараёнида 4 стадия босқичига келиб қолган. Камига унинг шогирди ҳам пайтдан фойдаланиб 5 минг эвазига муолажани давом эттирган. Аҳволи баттар оғирлашган.
Назира опа: суяк емирилиш ташхиси қўйилган, Қосимовнинг шогирдлари унга тузатамиз деб ваъда бериб, катта миқдорда пул тўлатган. Ҳозир эса опа ҳам касалликнинг оғирлашган босқичида. У “Gold terapi”ни замонавий лўлилар деб таъкидлайди.
Ботир: жигар циррозга чалинган, Қосимовнинг шогирдига мурожаат қилган оила бугун ҳам моддий, ҳам маънавий қийин аҳволда қолган. Улар беморга бирорта дори ичишни тақиқлаб қўйишган ва ўша машҳур ичимликни ичириб интервю олишган. Икки фарзанднинг отаси бўлган бемор ҳозир оғир аҳволда, хасталикнинг энг охирги босқичига келиб қолган.
Булар ўтган сондаги кўрсатувларда иштирок этган жабрланувчилар сонидан ташқари бизга алоқага чиққанларнинг айримлари холос. Бу беморлар бирор натижа бўлмагани, пулларни қайтаришларини, аммо олдиндан катта ваъдалар беришганини эслатишганда Қосимовнинг укаси дейилган менежер Рихситилладан “минғир-синғир қилиб бошимни оғритманг” деган жавоб олишган.
“Gold terapi”да оғир, тузалиши осон бўлмаган хасталикларни тузатишни ваъда беришяпти. Улар бу касалликларни қандай усулда даволайди? Нималар ёрдамида даволайди? Бу усул қаерда ким томонидан таъсис этилган? Бу саволларимизга уларда жавоб йўқ. Ваҳоланки бутун дунёда ҳар бир касалликнинг даволаш протоколи бор. Битта касалликни даволаш протоколлари қандай қабул қилиниши: аввало илмий тадқиқотлар ўтказилади, ундан кейин клиник йўриқномалар ишлаб чиқилади. Булар тор доирадаги тиббий мутахассислар томонидан тайёрланади. Ундан кейин экспертлар комиссияси кўриб чиқади ва амалиётга жорий қилиш ҳақида қарор қилади. Шундан кейин протокол расмий ҳукумат ва ташкилотлар томонидан рўйхатга олиниб, эълон қилинади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ғайриоддий сенсациялар қилаётган, китоб ёзаётган Касимовнинг китобларида ҳатто тиббий атамалар мавжуд эмас. Google таржимон орқали таржима қилинган бу китоблар хусусий нашриётларда чоп этилади ва даволанишга келган мижозларга мажбуран 200-300 мингдан сотилади.
“Gold terapi”нинг Kun.uz’даги суриштирувларга жавобан оқлов тариқасидаги видеосида бирор асосли далил ёки факт келтирилмаган. Қосимовнинг ижтимоий саҳифаларидан кўриниб турибдики, бу шахсларнинг деярли барчаси унинг шогирдлари.
Энди эса Қосимовнинг айни пайтда хориждаги фаолиятига тўхталсак. Kun.uz’нинг Таиланддаги манбаларига кўра, у яқин кунларда Пҳукетда ўзининг савдо-сотиқ билан шуғулланадиган дўконини очган. Бунинг учун расман рўйхатдан ўтиб фаолият бошлаган.
Бу суриштирувни тайёрлаш жараёнида Ички ишлар идораларидан ушбу клиника ва унинг асосчиси Хайрулла Қосимовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилди. Маълум бўлишича, уларнинг устидан тушган аризалар сони мингдан ортиб кетган ва ҳалигача давом этяпти. Демак клиника фаолиятидан жабрланганлар сони кутилганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид

15:23 / 29.03.2025
“Gold terapi” иши: Хайрулла Қосимов ва бошқалар устидан тергов бошланди

07:49 / 19.03.2025
Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар лавозимлари ИИВга ўтказилди

12:20 / 17.03.2025
Юзлаб инсонларни чув туширган автолизингчиларга ҳукм ўқилди

19:00 / 13.03.2025