Жаҳон | 15:00 / 31.03.2025
4182
2 дақиқада ўқилади

Трампни танқид қилган уч профессор Йел университети ва АҚШни тарк этяпти

Йел университети фалсафа профессори Жейсон Стэнли, тарихчилар Тимоти Снайдер ва Марси Шор АҚШдан Канадага кўчиб ўтяпти.

Фото: courtesy image

Фашизм тадқиқотчиси, Йел университети фалсафа профессори Жейсон Стэнли Американинг нуфузли университетини тарк этиб, АҚШни кўчиб кетмоқда. Таниқли тарихчи Тимоти Снайдер ва унинг рафиқаси, фашизмни ўрганишга ихтисослашган Марси Шор ҳам худди шундай қарорни 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларидан кейин ҳам эълон қилди. Уларнинг барчаси 2025 йил кузидан бошлаб Торонто университети қошидаги Питер Мунк халқаро муносабатлар ва давлат сиёсати мактабида дарс беради. Стэнли буни 29 март, шанба куни эълон қилинган Zeit Online газетасига берган интервюсида айтиб ўтди.

Жейсон Стэнлининг сўзларига кўра, Колумбия университети Трамп маъмурияти талабларини бажариш учун ўзининг норозилик сиёсати, хавфсизлик тартиб-қоидалари ва Яқин Шарқ тадқиқотлари бўлимини қайта кўриб чиқишга қарор қилганидан кейин истеъфога чиқишини айтган. Бу таълим муассасасидан давлат томонидан ажратилган 400 миллион доллар (369 миллион евро) маблағ олиб қўйилгани фонида амалга оширилди.

«Университетни молиялаштиришдан маҳрум қилиш учун ҳеч қандай қонуний асос йўқ эди. Бу масхарабозлик. Колумбия нима қиляпти? Улар ўзларидан сўралган ҳамма нарсани бажаряпти», деди Стэнли.

«АҚШда ҳамма ҳозир фақат битта нарсани хоҳлаяпти: омон қолиш»

«Қўшма Штатларда ҳамма ҳозир фақат бир нарсани хоҳлаяпти: омон қолиш. Газеталар, университетлар, юридик фирмалар — ҳамма фақат ўзини ўйлаяпти. Биз бирга бўлишимиз керак. Колумбия ҳужумга учраганда, Йел ва бошқа университетлар бирдамлик кўрсатиши керак эди. Бу содир бўлмади, - деди у. - Ҳамма кейинги Колумбия бўлишдан қўрқяпти».

«Ҳозир биз кўраётган нарса - фашизм, дея қўшимча қилди Трамп сиёсатини танқид қилувчи Стэнли ва шундай прогноз берди: -Ҳукумат аралашуви кучаяди ва у тизимли бўлади».

Мавзуга оид